Сиёсат ва бизнес: Трамп оиласи ва Ар-Риёд яқинлашуви

Таҳлил

image

Шоҳона кутиб олиш, дабдабали кечки овқат ва юлдузли меҳмонлар. Кеча, 18 ноябрда Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири, мамлакатнинг де-факто раҳбари Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг 7 йил ичида биринчи бор Оқ уйга ташрифи муҳим воқеликларга бой бўлди. Подшоҳлик баъзи талабларига эриша олмаган бўлса-да, валиаҳднинг Оқ уйда қабул қилиниши мамлакатлар орасидаги 2018 йил бузилган алоқалар тикланаётгани, бин Салмоннинг глобал обрўси ошаётганини англатади. 

АҚШнинг Саудия Арабистони билан яқин муносабатлари тахминан саксон йил олдинга бориб тақалади. Бу муносабатлар 1945 йилда АҚШ ҳарбий денгиз крейсерида Подшоҳ Абдулазиз ибн Сауд ва собиқ президент Франклин Делано Рузвельт ўртасидаги учрашув билан бошланади.
Икки давлат кўп йиллар давомида мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиб келган ва сўнгги ўн йилликларда уларни қисман Эрон билан ўзаро рақобат ҳам бирлаштириб келган.

Валиаҳд инвестиция мажбуриятини оширди

Трамп валиаҳдни Оқ уйнинг Жанубий майдонида ҳарбий гвардия, салют ва АҚШ ҳарбий самолётлари парвози билан ўтказилган дабдабали маросим билан кутиб олди.

Трампнинг ён томонида ўтирган бин Салмон, Трамп Саудия Арабистонига май ойида қилган ташрифи чоғида берган 600 миллиард долларлик ваъдасини кенгайтириб, ўз мамлакати АҚШдаги инвестицияларини 1 триллион долларга етказишини маълум қилди. Аммо у бу бўйича аниқ тафсилотлар ёки муддатлар келтирмади.

Оқ уйга кўра, икки томон ўртасида сунъий интеллект бўйича англашув меморандуми ва муҳим минераллар бўйича ҳамкорлик учун доиравий битим имзоланган. Бироқ, АҚШга 1 триллион долларлик инвестиция киритиш Саудия учун осон иш эмас, чунки мамлакат ҳозирда Саудиянинг ўзида футуристик мегашаҳарлар каби улкан лойиҳаларга катта маблағ сарфламокда ва улар кўп ҳолларда бюджетдан ошиб кетади.

Иқтисодиётни диверсификация қилиш ва нефтга боғлиқликни камайтиришни кўзлаган “Vision 2030” дастурининг асосий ташаббускори сифатида бин Салмон 19 ноябрь куни Жон Ф. Кеннеди санъат марказида ўтказиладиган ва кўплаб корпорация раҳбарлари қатнашадиган инвестиция конференциясида ўз саъй-ҳаракатларини тарғиб қилиши кутилмоқда.

Овал офисда Трамп ўз оиласининг Саудиядаги бизнес манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай манфаатлар тўқнашувини кескин инкор этди.

“Менинг оила бизнеси билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен уни тарк этганман ва энергиямнинг 100 фоизини президентликка бағишлаганман. Оилам нима қилса ҳам – бу яхши. Улар ҳамма ерда бизнес қилади”, деди у.

Оқ уй бир неча бор таъкидлаганки, Трамп президентликка киришганидан кейин ўз бизнесларини болалари бошқарадиган трастга ўтказиб, бизнеслари билан алоқаларни тугатган. Шунга қарамай, ушбу траст бевосита Президентга тегишли бўлгани учун, Трамп лавозимни тарк этганидан кейин оиласининг ҳозир топаётган пуллари унга хизмат қилади.

Балки шунинг учундир, Саудия Трамп биринчи муддатини тугатгандан сўнг унинг оиласи билан яқин алоқаларни ривожлантирди. Подшоҳлик БАА ва Қатар билан бирга Трампнинг куёви Жаред Кушнерга тегишли Affinity Partners инвестиция фондига сармоя киритди. Трампнинг ўғиллари Эрик ва кичик Дональд Трамп бошқарадиган Trump ташкилоти бутун Кўрфаз бўйлаб кўплаб кўчмас мулк лойиҳаларига кирди. Саудиядаги Dar Global компанияси Трамп ташкилотининг энг муҳим хорижий ҳамкорларидан бирига айланди.

Dar Global шу йил бошида Нью-Йоркдаги Trump Tower'да АҚШдаги илк офисини очди. 16 ноябрь куни Dar Global Трамп оиласи билан Мальдив оролларида янги лойиҳани эълон қилди. Шу билан бирга, Саудиядаги энг йирик давлатга тегишли девелопер лойиҳаларидан бири “Diriyah” тез орада Трамп ва унинг оиласи билан келишувни эълон қилиши мумкинлигини билдирди. 

Инсон ҳуқуқлари мавзуси яна кун тартибида

“The Washington Post” таҳририяти мухбири ва Саудия раҳбарияти танқидчиси бўлган Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши масаласи Овал офисда камералар олдида кўтарилди. АҚШ разведка идоралари бин Салмон Истанбулдаги Саудия консулхонасида 2018 йилда Қошиқчини ушлаш ёки ўлдириш операциясини маъқуллагани ҳақида хулоса чиқарган. Валиаҳд бу амалиётни ўтказишга буйруқ бермаганини айтган, аммо мамлакатнинг де-факто раҳбари сифатида масъулиятни ўз бўйнига олган. Трамп эса ўз услубида эди. У Қошиқчининг ўлдирилиши ҳақида Муҳаммад бин Салмон ҳеч нарса билмаганини айтди, бу билан АҚШ разведкаси хулосаларини рад этди.

“Сиз гапираётган одамни жуда кўплар ёқтирмас эди, уни ёқтирардингизми-йўқми – бу алоҳида масала. Ҳодисалар бўлиб ўтди, лекин у бу ҳақда ҳеч нарса билмаган. Шу билан чекланишимиз мумкин”, деди Трамп журналистларга бин Салмон ёнма-ён ўтирган ҳолда. 

Бин Салмон Қошиқчининг ўлими ҳақида эшитиш “оғриқли” бўлганини, аммо ҳукумати “барча тўғри тергов қадамларини” амалга оширганини айтди. 

“Биз тизимимизни яхшиладик, бунга ўхшаш ҳолатлар такрорланмаслиги учун. Бу оғриқли ва катта хатолик”, деди у журналистларга.

Трамп эса Қошиқчи ҳақидаги саволни берган журналистни “меҳмонимизни шарманда қилишга уриняпсиз”, деб танқид қилди ва валиаҳднинг инсон ҳуқуқлари бўйича “ажойиб иш қилганини” таъкидлади, бироқ нимани назарда тутаётганини батафсил тушунтирмади.

Трампнинг бин Салмонни ҳимоя қилиши Қошиқчининг бевасида норозилик уйғотди. 

“Ҳеч нарса ... Қанчалик баҳсли бўлмасин ёки биров уни ёқтирмасин, бундай даҳшатли жиноятни оқлай олмайди”, деди Ҳанан Элатр Қошиқчи “Reuters” билан интервьюда. 

Унинг айтишича, у Трамп билан учрашиб, “ҳақиқий Жамол”ни таништиришни истаган бўларди.
Бин Салмон нафақат Қошиқчи ўлдирилиши, балки мамлакат ичида мухолифатни қаттиқ босим остига олиши учун ҳам инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қаттиқ танқид қилиб келинади. Бироқ у бир вақтнинг ўзида мамлакатда қаттиқ ижтимоий қоидаларни юмшатган йирик ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган.

Ҳарбий ҳамкорлик

Саудия учун яна бир муҳим янгилик расмий кечки қабулда Дональд Трамп томонидан эълон қилинди. Бу АҚШнинг Саудия Арабистонини “НАТОга кирмайдиган асосий иттифоқчи” сифатида белгилашидир. Бу мақом АҚШ шеригига ҳарбий ва иқтисодий имтиёзлар беради, аммо бевосита хавфсизлик мажбуриятларини ўз ичига олмайди. 

“Биз ҳарбий ҳамкорлигимизни янада юқори босқичга кўтаряпмиз, Саудия Арабистонини расман НАТОга кирмайдиган асосий иттифоқчи деб белгилаймиз. Бу улар учун жуда муҳим. Мен буни сизга биринчи марта айтаяпман, чунки буни оқшомгача бироз сир сақлашни истадим”,  деди Трамп.

Трамп бу мақом валиаҳд билан “тарихий стратегик мудофаа келишуви” имзоланганидан кейин берилганини қайд этди. Бундан аввал Аргентина, Австралия, Баҳрайн, Бразилия, Колумбия, Миср, Исроил, Япония, Иордания, Кения, Қувайт, Марокаш, Янги Зеландия, Покистон, Филиппин, Қатар, Жанубий Корея, Таиланд ва Тунисга шундай мақом берилган. Тайвань ҳам шу мақомдаги имтиёзлардан фойдаланади, аммо расман унга эга эмас.

НАТОга кирмайдиган асосий иттифоқчи мақоми АҚШ ва шерик давлат ўртасидаги муносабатлар қуввати ва ишончининг кучли рамзи ҳисобланади. Бу мақом мамлакатга қатор ҳарбий ва иқтисодий имтиёзлар беради. Давлат департаментига кўра, бунга “камайтирилган уран ўқ-дорилари” харид қилиш, муайян ҳарбий таъминот кредитларини олиш, мудофаа ускуналари ва ўқ-дорилар бўйича қўшма тадқиқот ва ишланмаларда иштирок этиш киради.

Шунингдек, ушбу мақом АҚШга Саудия ҳудудида ўз ҳарбий техникасини АҚШ базалари ташқарисида захира қилиб қўйиш имконини беради.

Оқ уй баёнотига кўра, Трамп ва бин Салмон томонидан имзоланган мудофаа келишуви АҚШнинг минтақавий хавфсизликдаги ролини мустаҳкамлайди, ҳарбий шериклар имкониятларини кучайтириб, таҳдидларни қайтариш ва енгишга хизмат қилади.

“Бу стратегик мудофаа келишуви Америка биринчилиги тамойили учун ғалаба бўлиб, АҚШ мудофаа компанияларининг Саудияда фаолият юритишини енгиллаштиради, АҚШ харажатларини қисман қоплаш учун Саудиядан янги маблағлар келтиради ва подшоҳликнинг АҚШни ўзининг асосий стратегик шериги сифатида кўраётганини тасдиқлайди”, дейилади баёнотда.

Бироқ бу келишув Саудия аввал талаб қилган, Конгресс томонидан тасдиқланадиган НАТОга ўхшаш битимдан пастроқ даражада экани кўринади.
Оқ уй Трамп келгусида F-35 ҳарбий учоқларини етказиб беришга рухсат берганини, Саудия эса 300 та АҚШ танкини харид қилишга рози бўлганини маълум қилди. Подшоҳликнинг 48 та замонавий F-35 учоғини харид қилиш бўйича илтимосини инобатга олган ҳолда, бу самолётларнинг сотилиши АҚШнинг илк марта Ар-Риёдга бундай юқори технологияли учоқларни беришини англатади, бу эса муҳим сиёсий бурилиш ҳисобланади. Мазкур келишув Яқин Шарқдаги ҳарбий мувозанатни ўзгартиради ва Исроилнинг “сифат жиҳатдан устунлик мақоми”ни сақлаб қолиш борасидаги АҚШ сиёсатини синовга қўяди. Ҳозирга қадар F-35га эга бўлган ягона минтақавий давлат – Исроил.

Эслаш ўринлики, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд жорий йилнинг 17 сентябрь куни Ар-Риёдда Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан ҳар икки давлатга ҳужум содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича стратегик мудофаа шартномасини имзолаганди. Бунинг асосий мазмуни – ушбу икки давлатдан бирига қарши тажовуз ҳар икки давлатга қарши тажовуз деб баҳоланади ва томонлар бир-бирга оғзаки эмас, балки амалий кўмак беради. 

Трамп эса 1 октябрь куни Қатар хавфсизлигини кафолатлашга ваъда берувчи фармонни имзолаб, унга қилинган ҳар қандай қуролли ҳужум Қўшма Штатларга қилинган таҳдид сифатида баҳоланишини белгилади. Трамп фармонда Қатарнинг хавфсизлигини таъминлаш ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш бундан буёғига Қўшма Штатларнинг ҳам сиёсати эканини айтди. У ВашингтонАҚШ ва Қатар давлати манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тинчлик ва барқарорликни тиклаш учун барча қонуний ва тегишли чораларни, жумладан, дипломатик, иқтисодий ва керак бўлса, ҳарбий чораларни кўришини маълум қилди. 

АҚШ ва Саудияга қайтадиган бўлсак, 18 ноябрь куни етакчилар мамлакат фуқаролик ядро энергетикаси бўйича музокаралар якунланиши ҳақида қўшма декларация ҳам имзолади. Оқ уйга кўра, бу ҳужжат узоқ муддатли ядро шериклиги учун ҳуқуқий асос яратади. Бин Салмон АҚШнинг ядро технологияларига йўл очувчи битимга интилиб, мамлакатни БАА ва анъанавий рақиби Эрон даражасига кўтаришни мақсад қилган. Аммо бундай ядровий келишувга эришиш қийин кечмоқда, чунки Саудия уранни бойитиш ёки сарфланган ёқилғини қайта ишлашни тақиқлайдиган АҚШ талаби билан рози эмас. Бу икки йўналиш ҳам ядровий қурол яратиш имкониятини очиб бериши мумкин.

Ғазо ва Исроил масаласи

Трамп, шунингдек, бин Салмонга “ўтган ой амалга оширилган тинчлик келишувида тутган роли ва Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган кўплаб ишлар учун” миннатдорлик билдирди.

“Ғазо, гарчи тартибсиз кўриниши мумкин – у кўп йиллар, ҳатто ўнлаб йиллар давомида шундай эди – лекин у жуда яқинда мукаммал ҳолатга келади. Ҳатто танқид қилишга ўрганиб қолган экспертлар ҳам бу минтақада содир бўлаётган нарсаларни мўъжиза деб атаяпти”, деди Трамп.

Трамп Саудиянинг Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш истиқболларига “ижобий муносабат” билдирганини айтди. Бироқ валиаҳд Иброҳим келишувларига қўшилишни хоҳлашини айтган бўлса-да, Исроил фаластинликлар учун давлат тузишга олиб борадиган йўлни тақдим қилиши шартлигини яна бир бор таъкидлади, Исроил бу талабни рад этиб келмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Саудия Арабистони Трамп Исроил Оқ уй Ғазо Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг