Сиси илк бор расмий ташриф билан Туркияга боради
Олам
−
24 Август
4080Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси расмий ташриф билан биринчи марта Туркияга боради. Бу ҳақда “Haber Turk” хабар берди.
Жорий йилнинг 4 сентябрь санасига мўлжалланган ташрифнинг асосий мавзуси Ғазо сектори атрофидаги вазият бўлади, икки томонлама муносабатлар ҳам муҳокама қилинади. Шунингдек, олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳам бўлиб ўтади.
2013 йилда Туркия иттифоқчи деб ҳисоблаган “Мусулмон биродарлар” партиясидан собиқ президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашганди. 2013 йил 3 июлдаги ҳарбий тўнтаришда Сиси марказий роль ўйнаган. Бу эса Мурсийни президентликдан суриб чиқарган. 23 ноябрда Миср ҳукумати бир неча ой давом этган дипломатик инқироздан сўнг Қоҳирадаги Туркия элчисини чиқариб юборди.
Маҳаллий нашрларга кўра, 2014 йилнинг июль ойида Миср Ташқи ишлар вазирлиги Эрдўған Сисини “золим” деб атагани учун муносабатлар ёмонлашиши ҳақида огоҳлантирган. Сиси 2014 йил 8 июндан бери Мисрга раҳбарлик қилиб келаяпти, у мамлакатнинг олтинчи Президенти ҳисобланади.
2021 йилда ҳар икки давлат алоқаларни нормаллаштириш ҳақида музокараларни бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 12 йил ичида илк расмий ташриф билан Мисрга борганди.
LiveБарчаси