Эрдўған 12 йил ичида илк бор Мисрга борди
Олам
−
14 Февраль
4056Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 14 февраль куни 12 йил ичида илк расмий ташриф билан Мисрга борди. Бу ҳақда Мисрнинг “Al-Qahira al-Ihbariya” телеканали хабар берди.
Миср етакчиси Абдулфаттоҳ ас-Сиси рафиқаси билан бирга Қоҳира халқаро аэропортида Туркия Президенти ва биринчи хонимини кутиб олди.
Хабар қилинишича, Эрдўған Миср раҳбарияти билан минтақавий муаммоларни муҳокама қилмоқчи. Музокараларнинг асосий мавзуси Ғазо секторидаги можаро ва Исроил ҳаракатларига биргаликдаги жавоб чоралари бўлади.
Қайд этиш жоизки, бу охирги 12 йил ичида Туркия Президентининг Миср пойтахтига илк расмий ташрифидир. Республиканинг собиқ раҳбари Абдулла Гул охирги марта 2012 йилда Қоҳирага ташриф буюрган эди. Шундан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар Миср давлатида 2013 йилда юз берган ҳарбий тўнтариш туфайли ёмонлашган. Ҳар икки давлат ўз элчиларини чақириб олган.
2021 йил март ойида Туркиянинг ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Миср билан дипломатик даражада алоқалар тикланишини эълон қилди. 2022 йил ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида Миср ва Туркия Президентлари ўртасида қисқа учрашув бўлиб ўтди, шундан сўнг муносабатларда сезиларли илиқлик кузатилди. 2023 йил февраль ойи охирида Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри Туркия жанубидаги зилзиладан жабр кўрган Адана шаҳрига ташриф буюрди. Ўтган йилнинг 4 июлида мамлакатлар дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклаб, Анқара ва Қоҳирага элчиларни тайинлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь