Сиртқи ва кечки таълимдаги талабаларга ҳам контрактда 10 фоизлик чегирма берилади

Жамият 4690
image
-

Коронавирус инфекциясига қарши эмланган сиртқи ёки кечки таълим шаклида суперконтракт асосида таҳсил олаётган талабаларга ҳам 10 фоиз чегирма берилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълум қилди.

“Кўпчилик талабалар ва уларнинг ота-оналари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг мурожаатларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи ёки кечки таълим шакли бўйича базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ва таҳсил олаётган ҳамда 2021 йил 1 ноябрга қадар коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) талабаларга 2021/2022 ўқув йили учун белгиланган стипендиясиз базавий тўлов-контракт миқдорларига  бир марталик 10 фоиз чегирма (бонус) берилиши белгиланди”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 22 июндаги ПҚ–5157-сон қарорининг 7-бандига кўра белгиланган тартибга мувофиқ, талабалар ўқишини кўчириш (кўчириб тиклаш), шунингдек, абитуриентларни сиртқи ва кечки таълим шаклига бакалавриатга талабаликка тавсия этишда 2021/2022 ўқув йили учун тасдиқланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари қўлланилиши ҳамда коронавирус инфекциясига қарши эмланган (вакцина олган) абитуриентлар ва талабаларга белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига бир марталик 10 фоиз чегирма (бонус) берилиши белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 157
Рейтинг: 3
Теглар
t
×