Сирлар очилмоқда! НАТО Россияни чув туширгани исботланди
Олам
−
19 Февраль 2022
50861Ғарб давлатлари 1991 йилда НАТОнинг шарққа кенгайишига қарши чиққан ва Шарқий Европа давлатларининг иттифоққа киришини номақбул деб атаган. Бу ҳақда “Der Spiegel” Британия миллий архивидан топилган ҳужжатга таяниб хабар бермоқда.
Илгари “махфий” деб таснифланган ҳужжатни америкалик сиёсатшунос Жошуа Шифринсон аниқлаган. Гап АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирликлари сиёсий директорларининг 1991 йил 6 мартда Боннда бўлиб ўтган учрашуви баённомаси ҳақида бормоқда.
“Варшава шартномаси тугатилишидан бир неча ой олдин бўлиб ўтган учрашувда иштирокчилар Польша ва бошқа Шарқий Европа давлатларининг хавфсизлигини муҳокама қилди”, деб ёзилган хабарда.
Варшава ва Будапештдаги сиёсатчилар бир мунча вақтдан бери НАТОга қўшилишдан манфаатдор эканликларини “ишора қилмоқда”. Бироқ, ҳужжатга кўра, Лондон, Вашингтон, Берлин ва Париж Шарқий Европа давлатларининг НАТОга аъзо бўлишини “қабул қилиб бўлмас” деб ҳисоблаган.
Ҳужжатга кўра, Германия Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби Юрген Хробог:
“Икки плюс тўрт” форматидаги музокаралар чоғида биз НАТОни Эльбадан ташқарига кенгайтирмаслигимизни очиқ айтдик. Шунинг учун биз Польша ва бошқаларга НАТО аъзолигини таклиф қила олмаймиз”, деган.
Қайд этилишича, Хробог катта эҳтимол билан Эльба ва Одер дарёларини чалкаштириб юборган.
“Икки плюс тўрт” шартномаси — 1990 йил 12 сентябрда Москвада тузилган Германияга нисбатан якуний келишув тўғрисидаги шартнома. Уни ГФР ва ГДР, шунингдек, СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция Ташқи ишлар вазирлари имзолаган. Шартнома ГФР ва ГДРни бирлаштириш жараёнига чек қўйган.
АҚШ вакили Раймонд Зейтц музокараларда Хробогнинг позициясига қўшилган:
“Биз Совет Иттифоқига “Икки плюс тўрт” музокараларида ҳам, бошқа музокараларда ҳам НАТО на расман, на норасмий равишда шарққа кенгайтирилмаслиги кераклигини айтдик”, деган у.
Маълумот ўрнида, 2021 йил охирида Россия АҚШ билан шартнома ва НАТО билан хавфсизлик кафолатлари бўйича келишув лойиҳаларини чоп этди. Хусусан, Москва ўзининг ғарблик ҳамкорларидан НАТОнинг шарққа томон кенгайиши, Украина блокига қўшилиши ва постсовет мамлакатларида ҳарбий базалар ўрнатишдан бош тортишнинг ҳуқуқий кафолатларини талаб қилмоқда. Таклифларда, шунингдек, НАТОнинг зарба берувчи қуролларини Россия чегаралари яқинида жойлаштирмаслик ва Шарқий Европадаги иттифоқ кучларини 1997 йилги позицияларга олиб чиқиш тўғрисидаги банд ҳам бор.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин ҳам бу мавзуда сўз очиб, Россияга НАТО инфратузилмасини Шарққа бир қарич ҳам олдинга силжитмасликка ваъда бериб, “чув туширишган” деганди.
LiveБарчаси