Украинанинг НАТОга қўшилиши бўйича консенсус йўқ – “Reuters”

Олам

image

НАТОга аъзо давлатлар бугун, 3 декабрь куни Брюсселда бўлиб ўтадиган иттифоқ мамлакатлари Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишида Украинани ўз сафларига таклиф қилиш бўйича қарор қабул қилишлари даргумон. Бу ҳақда Шимолий Атлантика альянси давлатлари дипломатларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, НАТОга аъзо 32 давлат ўртасида Украинанинг аъзолиги бўйича қарор қабул қилиш учун зарур бўлган келишув белгиси йўқ. Хусусан, агентлик суҳбатдошларининг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти ва Германия ҳукумати ҳозир бунинг учун тўғри вақт эмас, деб ҳисобламоқда.

Аноним қолишни истаган юқори мартабали дипломат “консенсусга эришиш учун ҳафталар ва ойлар керак” деган фикрни билдирди.

“Reuters” Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига НАТОни 3-4 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган вазирлар йиғилишида можаронинг тугашини кутмасдан, Украинани альянсга аъзо бўлишга таклиф қилишга чақиргани ҳақида хабар берган.

2022 йил сентябрида Украина тезлаштирилган асосда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. 2023 йил июлида бўлиб ўтган Вильнюс саммитида альянс Украинани аъзолик бўйича ҳаракатлар режасини амалга оширмасдан, истисно асосида қабул қилишини айтди.

Жорий йилнинг июль ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммитда Украинага қабул қилиш истиқболларини кўрсатмасдан туриб, қўллаб-қувватлаш кафолати сифатида йилига 40 миллиард доллар ҳарбий ёрдам ваъда қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг