Сирдарёлик 99 ёшли онахон “Туркия қутқарувчиси” бўлди
Жамият
−
06 Март 2023
11543Аввалроқ Сирдарё вилоятида 99 ёшли онахон Зулайҳо Исмоилова пенсия пулини Туркиядаги зилзиладан жарбланганларга ёрдам тариқасида юборгани ҳақида хабар берилганди. Зулайҳо Исмоилова “Туркия қутқарувчиси” номига муносиб кўрилди. Бу ҳақда унинг набираси шоир Асқар Исмоилов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Аслида, ҳамма оналар – қаҳрамон. Оналар бешик тебратади, оналар ҳеч қачон тобут кўтармайди. Дунёнинг ярми оналар бўлса, қолган ярмини оналар дунёга келтиради. Онам Туркиядаги зилзилани девор остида қолган одамларни кўриб, кўзига ёш олди. Туркия дардини, ўз дардидай қабул қилди”, дейди Исмоилов.
Унинг маълум қилишича, Сардобадаги талафотда ҳам Зулайҳо Исмоилова биринчилардан бўлиб ёрдамга шошган. Энди эса Туркияга бориш ниятида.
“Ҳаммамизнинг қаҳрамон оналаримиз соғ бўлсин! Шундай оналаримиз бор экан, ўзбек миллати дунёдаги энг буюк миллат бўлаверади”, дейди шоир.