Сирдарёдаги тошқиндан сўнг қанча одам қутқариб олингани маълум қилинди
Жамият
−
02 Май 2020
7923Сардоба сув омборининг дамбаси бузилиши оқибатида келиб чиққан тошқиндан сўнг қутқарувчилар томонидан 138 нафар фуқаро қутқариб олинган. Бу ҳақда бугун, 2 май куни Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 2 май ҳолатига кўра, Сардоба сув омборининг дамбасини қайта тиклаш мақсадида жами 100 та юк ташиш техникаси орқали тош ва шағал етказиб бериш ишлари ташкиллаштирилган.
“Сувда қидирув-қутқарув операциясини ўтказиш ва содир бўлган вазиятга аниқ баҳо бериш, келтирилган зарар миқдорини аниқлаш мақсадида, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 75 нафар шахсий таркиб ва 13 та махсус моторли қайиқлар жалб этилиб, қутқарув ва қидирув ишлари олиб борилди“ дейилади хабарда.
Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари бўйича ахборот тақдим этиб борилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Сардоба сув омборида кеча, 1 май куни фавқулодда ҳолат юз берган. Ҳозирда ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб бориляпти. Ушбу ишларга Президент Шавкат Мирзиёев бошчилик қилаётгани маълум қилинган.
LiveБарчаси