Сирдарёда “замҳоким”, Навоийда ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
05 Октябрь 10835 2 дақиқа
Сирдарё вилоятида ҳоким ўринбосари, Навоий вилоятида ҳоким ёрдамчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятида Ховос тумани ҳокимининг ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассиси ўзаро тил бириктириб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилган.
Улар тасарруфида 452 гектар ер майдони бўлган чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигини келгуси йил шоли етиштириш тақсимотига киритиш, экспорт режаси бажарилганини тасдиқлаш, тақсимотсиз шоли етиштирган ҳолатига нисбатан чора кўрмаслик, шунингдек, гўёки ДХХ томонидан тумандаги фермер хўжаликлари фаолияти бўйича ўтказилаётган текширувда уни ҳимоя қилиш эвазига хўжалик раҳбаридан жорий йилнинг июнь ойида 10 минг доллари олган.
Кейинроқ эса ҳоким ўринбосари ер майдонини давлат захирасига олиб қўйиш ва фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғаттириш билан таҳдид қилиб, қўшимча 20 минг доллар талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари сўралган пул маблағидан 10 минг долларни ўзининг ҳамтавоғи бўлган мутахассис орқали олган вақтида уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Ҳозирда ҳоким ўринбосари ҳамда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармасининг туман бўлими мутахассисига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.
Навоий вилоятида кузатилган ҳолатда эса Кармана туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалаларига масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси ноқонуний равишда 40 млн сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Аниқланишича, ҳоким ёрдамчиси хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда ўзганинг ишончига кириб, 2024 йилда бошқа бир фуқарога ижарага берилган М-37 автомобиль йўли ёқасидаги 12 кв.м ер майдонини уни номига расмийлаштириб бериш эвазига 100 млн сўм талаб қилган.
Ҳозирда ҳоким ёрдамчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида ҳоким ёрдамчиси, муҳандис ва қишлоқ хўжалиги масъули пора билан ушланганди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь