Сирдарёда ваҳима кўтарилди. Ҳоким одамларни тинчлантиришга чиқди
Жамият
−
15 Январь 2021
39394Аввал хабар берганимиздек, кеча, 14 январь куни ярим тунда ижтимоий тармоқлар орқали Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Қайроққум сув омборининг ёрилиши натижасида сув тошқини содир бўлганлиги тўғрисида ёлғон хабарлар тарқалди.
Бу хабар тошқиндан зарар кўрган Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин каби туманларда жиддий ваҳима уйғотган. Айримлар ўз яшаш ҳудудини тарк этишга ошиққани ҳолатлар ҳам бўлди.
Бундан хабар топган Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев туманларга етиб борган.
Ғофуржон Мирзаев бу каби хабар тарқалишига ҳеч қандай асослар мавжуд эмаслигини билдирди. Аҳолини ёлғон миш-мишларга ишонмасликка ва саросимага тушмасликка чақирган.
Ўзбекистон ФВВнинг Тожикистон расмийларидан олган маълумотига кўра, Қайроққум сув омборига шикаст етмаган ва нормал ҳолатда ишламоқда.