Сирдарёда портлаб, 6 киши ўлимига сабаб бўлган автобус конструкцияси ўзгартирилган – UzAuto
3-саҳифа
−
23 Август 2022
11920Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида портлаган автобус конструкциясига ўзгартириш киритилиб, газ баллонлари ўрнатилган. Автобус дастлаб дизель ёқилғисида юришга мўлжалланган бўлган. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ маълум қилди.
Қайд этилишича, олти кишининг ўлимига сабаб бўлган портлашга ойдинлик киритиш мақсадида, “Ўзавтосаноат” АЖ тизимидаги Комплаенс хизмати ходимлари ҳамда “Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ ҚК масъул ходимлари зудлик билан жойига бориб ўрганишган. Шунда 18 август куни 14:30 ларда Оқолтин туманида жойлашган, “NUR TRANS GAS” МЧЖ газ тўлдириш шохобчаси ҳудудида давлат рақами 90 946 WAA бўлган ISUZU SAZ NP21 русумли автобуснинг уст қисмига ўрнатилган газ баллонларидан бири портлаганлиги аниқланган.
Компания маълумотига кўра, мазкур автобус дизелъ ёқилғисида харакатланишга мослашган ҳолда 2012 йилда “Самарқанд автомобиль заводи” МЧЖ ҚКда ишлаб чиқарилиб, МЧЖнинг Хоразм вилоятидаги расмий диллери орқали сотилган.
Кейинчалик, автобусни сотиб олган корхона томонидан 2014 йилда 60 литр сиғимли, 6 дона газ балонлар автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолда, автобуснинг уст қисмига ўрнатилган.
Бундан ташқари, ушбу автобус бир йиллик кафолат даврида кафолат талаблари бўйича белгиланган даврий кўрикдан ўтказиш масаласида расмий дилерга мурожаат қилмаган.
“Таъкидлаш керакки, кафолатли хизмат кўрсатиш соҳаси сиёсатига кўра, автобус конструкциясига ўзгартириш киритилган ҳолларда, берилган кафолат доирасидан ўз-ўзидан чиқиб кетади”, дейилади “Ўзавтосаноат” АЖ муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, 18 август куни соат 14:30 ларда Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган Isuzu русумли автобус, метан газ тўлдириб чиққан вақтда портлаб кетганди. Ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 262-моддаси (Транспортни таъмирлаш ёки уни фойдаланишга чиқариш қоидаларини бузиш) 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси