Сирдарёда фуқароларни муттасил қийнаб келган ИИБ ходимларига суд ҳукми ўқилди

3-саҳифа

image

Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судида ички ишлар органларида ишлаб туриб, фуқарони қийноққа солган, унга асоссиз айблов қўйган ва бошқа қатор жиноятларни содир этишда айбланган шахсларга нисбатан очилган иш кўриб чиқиш якунланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га Олий суд Матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Суд мажлисида судланувчилар А.Қ. (1989 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Гулистон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли маҳалла ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи катта тезкор вакили лавозимида ишлаган), Э.М. (1994 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Гулистон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли маҳалла ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган), Н.А. (1998 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Гулистон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сонли маҳалла ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) ва Б.Ш. (1998 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Гулистон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли маҳалла ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан очилган жиноят иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди раиси Ж. Ҳайдаров раислигида кўриб чиқилди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2019 йилдан бери Гулистон шаҳар бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 2-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи катта тезкор вакили лавозимида ишлаб келаётган А.Қ. ўзининг жиноий шериклари – Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари Н.А., Э.М., Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 1-сонли маҳалла ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили Б.Ш. ҳамда бошқалар билан бирга ўзлари ишлаб келаётган ҳудудда мансабидан фойдаланган ҳолда қариндоши Д.М.дан (аёл) сотиб олган телефони пулини бермаётганини баҳона қилиб, 2020 йил 4 август куни соат 22:30 ларда фуқаро А.Б.ни Гулистоннинг Сайқал маҳалласида жойлашган “Ягона” савдо дўконида ушлаб, уриб дўппослашган. Сўнг уни ётқизиб қўлларига кишан тақиб, жиноий шериги Б.Ш.нинг бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомашинада асоссиз равишда Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБнинг маъмурий биносига олиб бориб, у ерда А.Б.ни қўлига кишан таққан ҳолда ноқонуний ушлаб турган ва уриб-тепишни давом эттиришиб, қўл билан бўғиб, бино ҳовлисида жойлашган ҳожатхонага олиб кириб, бошини “унитаз”га тиқиб, махсус резина таёқ (дубинка) билан қонунга хилоф руҳий, психологик, жисмоний босим ўтказган вақтида бундан хабар топган Сирдарё вилоят ИИБ ўз хавфсизлиги ходимининг аралашуви Б.А. билан бинодан чиқариб юборилган.

Шундан сўнг, А.Қ., Э.М., Н.А. ва Б.Ш. ўзлари содир этган жиноятни келгусида фош этилишини олдини олиш ва жиноий жазодан қутулиб қолиш мақсадида, 2020 йил 5 август куни 4 август санаси билан “Ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармаган ва қочишга уринган шахсни ушлаш ҳамда ушбу шахсга махсус восита қўлланилганлиги тўғрисида” баённома расмийлаштириб, ушбу баённомани аслида А.Б. ушланган вақтда иштирок этмаган ва ҳолатдан хабардор бўлмаган холисларга имзолатиб, 4 август санаси билан Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ бошлиғи Б.Я. номига ёзилган билдирги билан тақдим этган.

Суд тиббий экспертизасининг 1177-сонли хулосасида, фуқаро А.Б.нинг пешона, ўнг елка, чап тирсак, бел, иккала тизза бўғими соҳаларида шилинмалар юқори лаб соҳасида қонқуйилиши каби жароҳатлари мавжудлиги, бу жароҳатлар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида, қарорда ва текширилувчи шахс ўзи кўрсатма берган ҳолатда, яъни қўл билан уриш, йиқитиш, ўзаро тортишув вақтида қаттиқ ер қопламасида тананинг сирпаниши натижасида етказилган бўлиши мумкинлиги, тан жароҳатларининг оғирлик даражаси бўйича соғлиғини қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлмаган енгил шикаст етказилгани кўрсатилган.

Бундан ташқари, А.Қ. ўзининг жиноий шериклари Э.М. ва бошқа шахслар билан бирга фуқаро О.Ҳ.нинг тинчини бузганини баҳона қилиб, 2020 йил 19 сентябрь куни соат 21:30 ларда фуқаро Ш.А.ни телефон орқали Гулистон тумани, “Юлдуз” мавзесида жойлашган О.Ҳ.нинг уйи олдига чақириб, шу жойга ўзининг шаръий никоҳида бўлган Д.Б. билан етиб келган Ш.А.ни уриб дўппослаб, ерга ётқизиб қўлларига кишан тақиб, асоссиз равишда ўзларининг бошқарувида бўлган терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган А.Ф.нинг бошқарувидаги автомашинада Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБнинг маъмурий биносига олиб борганлар.

Шундан сўнг, А.Қ., Э.М. ва бошқалар Ш.А.ни 2-сонли ИИБ маъмурий биносининг 2-қаватидаги тезкор вакиллар учун ажратилган хизмат хонасига олиб чиқиб, у ерда фуқаронинг қўллари кишанланган ҳолида қўл ва оёқлари билан уриб, дўппослаганлар.

Шу вақтда у ерга етиб келган бошқа шахс А.Қ. ва бошқаларнинг жиноий ҳаракатларини тўхтатмасдан, аксинча, уларга қўшилиб, Ш.А.нинг баданини турли соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб, тепиб, махсус резина таёқ (дубинка) билан бошига бир неча маротаба уриб, тан жароҳатлари етказганлар.

Шундан сўнг, А.Қ., Э.М. ва бошқалар ўзлари содир этган жиноятлари фош этилишини олдини олиш ва жиноий жазодан қутулиб қолиш мақсадида Ш.А.ни 2020 йил 20 сентябрь куни тунги соат 02:00 ларда 2-сонли ИИБ биносидан олиб чиқиб, ППХ хизмат автомашинасида Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалига олиб бориб, у ерда гўёки гувоҳлантириш ўтказиб, шифокор Ф.Ҳ.дан Ш.А.нинг танасида ўткир травматик жароҳатлар аниқланмагани ҳақида маълумотнома ёздириб олган ва уни Гулистон ИИО ФМБ 2-сонли ИБ қайтиб олиб келиб, шундан сўнг уни ушлаганликларини қонунийлаштириш учун фуқаро О.Ҳ.дан Ш.А.нинг ҳаракатлари устидан шикоят ёздириб олиб, Ш.А.ни шу куни соат 04:00 ларга қадар ноқонуний ушлаб туриб, тан жароҳати олгани ҳақида бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган тақдирида, уни қаматиб юборишлари билан қўрқитиб, Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ биносидан чиқариб юборганлар.

Суд тиббий экспертизасининг 2020 йил 28 сентябрдаги 1507-сонли хулосасида, фуқаро Ш.А.нинг бош чап тепа соҳаси, ўнг кўз юқори соҳаси қонталаш, бурун юмшоқ тўқимаси лат ейиши, юқори ва паст лаб ўнг томони ички қавати қонталаш, бўйин ўнг ён юқори юзаси шилинмаси, чап қулоқ супраси орти қонталаш, чап жағ, чап томонлама кўкрак қафаси юмшоқ тўқимаси лат ейиши каби жароҳатлари мавжудлиги, бу жароҳатлар ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида, қарорда ва текширилувчи шахс ўзи кўрсатма берган ҳолатда, яъни қўл билан уриш, оёқ билан тепиш натижасида етказилган бўлиши мумкинлиги, тан жароҳатларининг оғирлик даражаси бўйича соғлиғини қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлмаган енгил шикаст етказилгани, уларнинг етказилиши 2020 йил 19 сентябрга тўғри келиши мумкинлиги ҳамда хусусиятига кўра ўз бўйи басти билан ерга йиқилиб олишига тўғри келмаслиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, А.Қ. ўзининг ғайриқонуний ҳаракатларини давом эттириб, такроран жиноий шериклари Э.М., Н.А., Б.Ш. ҳамда бошқалар билан бирга ўзлари ишлаб келаётган ҳудудда мансабидан фойдаланиб, жияни С.Қ.га тан жароҳати етказганини баҳона қилиб, жорий йилнинг 17 январь куни соат 21:06 да Л.Д.нингни Гулистон шаҳрида жойлашган “Фаровон” номли кафедан олиб чиқиб, жиноий шериги Б.Ш.нинг бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомашинада асоссиз равишда дастлаб Гулистон ИИО ФМБ 2-сонли ИИБнинг маъмурий биносига олиб бориб, бинонинг орқа ҳовлисида А.Қ. ва Н.А. Л.Д.нинг баданини турли соҳаларига қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб, бўйнидан бўғиб, қўлига кишан тақиб, бино ҳовлисида жойлашган ҳожатхонага олиб кириб, бошини “унитаз”га тиқиб, сўнг ҳожатхонадан олиб чиқиб, икки қўлини шу жойда устун сифатида ўрнатилган темир қувурдан ўтказган ҳолда кишанлаб, ҳақоратлаб, қўл ва оёқлари билан уриб-тепиб, унга кўплаб тан жароҳатлари етказган.

Шундан сўнг, А.Қ. шериклари Н.А. ва Э.М. билан бирга Л.Д.ни ўзининг хизмат хонасига олиб кириб, уни ҳақоратлаб, қўл ва оёқлари билан уриб-тепишни давом эттираётган вақтларида ушбу ҳолатдан хабар топган Гулистон шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ бошлиғи Б.Я. уларнинг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатишини талаб қилиб, Л.Д.ни қўлларидаги кишанни ечтириб, соат чамаси 22:00 дан ошганда 2-сон ИИБ биносидан ташқарига чиқариб юборган.

Шундан сўнг, А.Қ., Н.А., Э.М. 2-сон ИИБдан чиқиб кетаётган Л.Д.ни бино ташқарисида қўлини яна кишанлаб, уни мажбуран жиноий шериклари Б.Ш.нинг бошқарувидаги автомашинага чиқариб, чамаси соат 22:30 да Мирзаобод тумани, Дехқонобод маҳалласида жойлашган “Сирдарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖга қарашли “Лаззат” нимстанциясининг орқа томонига олиб бориб, автомашинадан тушириб, эгнида бўлган шими ва ички кийимини ечган ҳолда ерга ётқизиб, орқа чиқарув тешигига резина таёқ (дубинка) тиқиши билан қўрқитиб, кейинчалик ўзларининг ғараз мақсадларида фойдаланишлари учун ушбу ҳолатни видеотасвирга олганлар.

Суд тиббий экспертизасининг жорий йил 22 янавардаги 98-сонли хулосасида, фуқаро Л.Д.нинг бош, чап қулоқ тепа чакка соҳаси, иккала елка олд ва ён соҳалари, чап билак соҳаси, кўкрак қафаси орқа чап томони, иккала оёқ тизза бўғими олд юзаси қонталашлар, пешона олд соҳаси, чап қош усти соҳаси, бўйин олд чап соҳаси, ўнг қўл тирсак соҳаси, иккала қўл билак соҳаси қонталаш шилинмали жароҳатлари, ўтмас қаттиқ жисмлар таъсирида, яъни қўлига металлдан ишланган кишан солишдан, қўл билан уриш ва оёқ билан тепиш натижасида етказилганлиги қайд этилиб, оғирлик даражасига кўра соғлиқни қисқа муддатга бузилишига сабаб бўлмаган ҳаёт учун хавфли бўлмаган енгил шикаст етказилганлиги кўрсатилган.

Суд мазкур ишни кўриб чиқиб, қуйидагича ҳукм чиқарган:

А.Қ. Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми, 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) 1-қисми ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми “а”, “в”, “г”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) га асосан ўташ учун 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ҳамда ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Э.М. Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”, “ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан ўташ учун 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ҳамда ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Н.А. Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”, ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан ўташ учун 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ҳамда ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Б.Ш. Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 234-моддаси 1-қисми ва 235-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г”, ж” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан ўташ учун 1 йил 6 ой муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифалари юклатилган лавозимларда ҳамда ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ушбу жиноят иши бўйича жабрланувчилар ҳамда жабрланувчининг қонуний вакилига етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

қийноқ

Баҳолаганлар

295

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг