Сингапурлик кузатувчи: Бизда партиялар митинглар қилишади, фуқароларнинг уйларига боришади
Интервью
−
22 Декабрь 2019
7607QALAMPIR.UZ ижодий гуруҳи Ўзбекистонда ўтган Олий Мажлис қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман кенгашлари аъзолари сайловида кузатувчи сифатида иштирок этаётган халқаро кузатувчилардан бири Сингапур менежментни ривожлантириш институти президенти Эрик Куан Чун Хок билан суҳбатлашди. Сингапурлик халқаро кузатувчи сайлов жараёнлари ҳақида ўзининг таклифларини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Сингапурдаги сайловлардаги фарқли жиҳатларни тилга олди.
- Авваламбор, сизни бизнинг мамлакатда кўришдан мамнун бўлдик. Бизда ўтказилаётган сайлов жараёнларига фикрларингиз қандай?
– Ўйлайманки, сайлов жараёни жуда яхши ташкиллаштирилган. Биринчидан, кеча кузатувчилар учун конференция ўтказилди. Конституциядаги ўзгаришлар, аёлларга берилаётган кўпроқ ҳақ-ҳуқуқлар, аҳоли саломатлиги, маҳбусларнинг сайловда қатнашиши тўғрисида бўлди. Айтмоқчиманки, жуда кўтаринки руҳда ташкиллаштирилибди. Бугун ҳам шу руҳни кўриш мумкин. Сайлов участкаларига борганимизда жараёнлар яхши тартибга солинганини кўрдик. Сайловчилар нима қилишни билишади. Уларга қўшимча маълумот бериш шарт эмас экан. Тартиб-таомили, нима қилиш кераклигини, сайлов хонасида нималарга риоя қилиш кераклигини билишади.
Мен ва ҳамкасбим ўз таклифимизни билдирдик. Таклифимиз бўйича сайлов қоғозларида номзод ва партия белгиси туширилган бўлса фуқароларга осон бўларди. Номзодлар кўп бўлса, танлаб олиш осон бўларди. Баъзи номзодларни исм-фамилиялари жуда узун экан. Тўғри, хозир фақат 5 номзод бор. Лекин келажакда булар кўпайиши мумкин ва ёши катталар эслаб қолиши қийинлашади.
– Биз ва Сингапурдаги сайлов жараёнлари ўртасидаги қандай фарқли жиҳатлар мавжуд?
– Тўғриси, солиштириш сал мушкул. Чунки сизлардаги қоидалар ва биздаги ҳолат ўртасида фарқлар бор. Бизда сиёсий партиялар ўз режалари бўйича митинглар ташкил қилишади, номзодлар фуқароларнинг уйларига боришади, ўзларининг режаларини тушунтиришади. Сизларга ўхшаб кўп номзодлар сиёсий партияларга аъзо, лекин бизда мустақил номзодлар ҳам бор.
Бизда ҳам сайловолди тарғиботлар бир кун олдин тўхтайди. Сукунат даври бўлади. Бу вақтда сиёсий партиялар компания ва намойишлар тўхтайди. Шунақа қилиб сайловчилар ўзлари устида босим ҳис қилмайди ёки сайлаш учун мажбурланмайди. Улар хоҳлаганини сайлашади. Ўйлайманки, сизнинг юртингизда ҳам худди шундай. Сингапурга ўхшаб сизларда ҳам одамларда шижоатни сезяпман. Фаоллик кўрсатиб эрталабдан сайловларга келишмоқда. Ҳамма ўз овозини бермоқчи. Билишимча, ҳозирга қадар анча сайловчи келиб овоз бериб бўлди.
LiveБарчаси