Си Цзиньпин май ойида Европага сафар қилади
Олам
−
29 Апрель
2713Хитой раҳбари Си Цзиньпин 5-10 май кунлари Франция, Сербия ва Венгрияга ташриф буюради. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин маълум қилди.
“Франция Президенти Эммануэль Макрон, Сербия Президенти Александр Вучич, Венгрия Президенти Тамаш Шуйок ва Бош вазир Виктор Орбаннинг таклифига биноан ХХР раиси Си Цзиньпин 5-10 май кунлари ушбу уч давлатга давлат ташрифи билан боради”, дейди Хуа Чуньин.
Хуа Чуньин бу босқичда Си Цзиньпиннинг европалик етакчилар билан бўлажак музокаралари мавзуларини ошкор қилмасликни маъқул кўрди.
Си Цзиньпиннинг сафари унинг Европага 2020 йилда COVID-19 пандемияси бошланганидан бери биринчи ташрифи бўлади. “Politico” 2024 йил март ойида Хитой раҳбари ва Франция Президенти ўртасидаги учрашув Пекин ва Москва ўртасидаги “чексиз шериклик туфайли” пасайган Европа билан муносабатларни тиклашга қаратилганини ёзган эди. AFP эса томонлар Украина ҳудудидаги можарони ҳам муҳокама қилишларини хабар қилди.
Январь ойида Украина ҳукумати Си Цзиньпинни Швейцариядаги можароларни ҳал қилиш бўйича тинчлик конференциясига таклиф қилган эди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекин инқирозни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Си Цзиньпин Германия канцлери Олаф Шольцни қабул қилган эди. Германия раҳбари хитойликлардан Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласида Москвага таъсир ўтказишни сўради. Бироқ Хитой Халқ Республикаси раиси Шольцга Россияга ҳам, Украинага ҳам мос келадиган музокаралар платформасини яратиш зарурлиги ҳақида гапириб, инқирозни тугатиш учун барча томонлар ҳаракат қилиши кераклигини таъкидлади.