Си Цзиньпин АҚШга етиб борди
Олам
−
15 Ноябрь 2023
9065Хитой раҳбари Си Цзиньпин Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида иштирок этиш ва АҚШ Президенти Жо Байден билан музокаралар ўтказиш учун Калифорниянинг Сан-Франциско шаҳрига етиб борди. Бу ҳақда “Синьхуа” агентлиги хабар берди.
Хитой раҳбарини аэропортда Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом ва АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен кутиб олган. Меҳмонхонага йўлда Си Цзиньпин кортежини Қўшма Штатларда яшовчи хитойликлар, хусусан, Америка университетлари талабалари қўлларида Хитой ва АҚШ байроқлари билан қарши олган.
“Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитаси аъзоси, КПК Марказий Қўмитаси Котибиятининг биринчи котиби Цай Ци, шунингдек, Хитой Коммунистик партияси Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Ван И Си Цзиньпин билан бирга Сан-Францискога келди”, дея аниқлик киритилган хабарда.
Маълумот учун, APEC саммити 15-17 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Саммит доирасидаги Хитой ва АҚШ раҳбарларининг учрашуви бугун, 15 ноябрга белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой Раиси Си Цзиньпиннинг бу галги учрашувидан икки томонлама муносабатларни кескин яхшилаши мумкин бўлган ўзгаришлар кутилмаётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси