Байден ва Цзиньпин учрашувидан қандай натижа кутиляпти? 

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден ва Хитой Раиси Си Цзиньпин эртага, 15 ноябрь куни Калифорнияда учрашади, бироқ АҚШ расмийлари бу учрашувдан икки томонлама муносабатларни кескин яхшилаши мумкин бўлган ўзгаришларни кутмайди. Бу ҳақда “Америка Овози” хабар берди 

Оқ уй расмийларига кўра, саммитнинг асосий мақсадларидан бири шунчаки АҚШ-Хитой таранглигининг можарога айланиб кетиши эҳтимолини камайтиришдир.

"Биз натижалар ёки якунларнинг узоқ рўйхати ҳақида гапирмаяпмиз. Мақсадлар – рақобатни бошқариш, можаролар хавфини камайтириш ва алоқа каналларини очиқ сақлаш", деб тан олган Байден маъмуриятининг юқори мартабали амалдори телефон брифингида.

Осиё-Тинч океани Иқтисодий Ҳамкорлиги саммити доирасида бўлиб ўтадиган учрашув икки давлат раҳбарларининг тахминан бир йил ичида юзма-юз бўлган илк мулоқоти бўлади. Бу вақт ичида икки давлат ўртасидаги муносабатлар 1979 йилда АҚШ ва Хитой ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери, эҳтимол, энг паст даражага тушиб қолди. Бу шунчаки томонлар Тайвань, савдо, инсон ҳуқуқлари ва глобал бошқарув каби масалаларда келишмовчиликка боргани эмас. Шарқий Хитой ва Жанубий Хитой денгизларида Америка ва Хитой ҳарбий самолётлари ва кемалари ўртасидаги хавфли тўқнашувлар ҳозир мунтазам равишда содир бўлмоқда.

Пентагон бундай тўқнашувлар ҳалокатли бўлиши мумкинлиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Бироқ яқин вақтларгача Пекин кўплаб алоқа линияларини ўчириб қўйган эди. Шунга қарамай, сўнгги ойларда Хитойнинг мулоқотга қаршилиги юмшай бошлади.

АҚШ ва Хитой расмийлари қурол назорати, макроиқтисодиёт ва иқлим ўзгариши каби кенг кўламли масалалар бўйича музокаралар олиб борди. Баъзи ҳолларда Си Цзиньпин ташриф буюрган Америка делегацияларини шахсий зиёфат билан ҳайратда қолдирди, буни кўплаб кузатувчилар жуда илиқ деб таърифлади.

“Мен кўп марта, шу жумладан, бир қанча Президентларга ҳам Хитой-АҚШ муносабатларини яхшилаш учун бизда минглаб сабаблар борлигини, уларни бузиш учун бирорта сабаб йўқлигини айтдим”, деган Си Цзиньпин Пекинга ташриф буюрган бир гуруҳ америкалик сенаторлар билан суҳбатда.

Кўпчилик Байден-Си Цзиньпин учрашуви муносабатларни ўзгартиришини кутаётган бўлсада, расмийлар ва таҳлилчилар тараққиётга эришилиши мумкин бўлган бир қанча соҳаларга ишора қилмоқдалар, улар тез орада эълон қилинади.

Байден Си Цзиньпинни ҳар йили Қўшма Штатларда ўн минглаб дозани ошириб юборишга олиб келадиган хавфли дори – фентанилни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар оқимини камайтириш чораларини кўришга кўндириши мумкин.

"Умуман олганда, биз самарали учрашувни кутмоқдамиз. Президент Байден Раис Си билан узоқ вақтдан бери мулоқот қилмоқда ва уларнинг суҳбатлари тўғридан-тўғри ва очиқ. Президент Байден бир раҳбардан бошқасига тўғридан-тўғри, юзма-юз дипломатия бу мураккаб муносабатларни бошқариш учун муҳим деб ҳисоблайди", дейди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. 

Салливаннинг таъкидлашича, Байден Тайван бўғозида тинчлик ва барқарорликни сақлаш бўйича қарашларни белгилайди.

Аммо Карнеги жамғармасининг Хитойдаги ваколатхонасининг катта таҳлилчиси Натаниел Шернинг айтишича, бу учрашув АҚШ-Хитой муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор яратиши даргумон, айниқса АҚШ ва Тайвандаги сайловлар олдидан.

“Битта учрашув муносабатларнинг янада ёмонлашишини олдини олиши мумкин”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Си Цзиньпин Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made