Си Цзиньпин АҚШ ва Япония Тайвань бўғозида урушга киришишидан қўрқади – ОАВ
Олам
−
08 Июль 2023
11927Хитой раҳбарияти Тайвань бўғозида уруш бошланган тақдирда АҚШ ва Япония ҳарбий аралашувидан хавотирда. Бу ҳақда бугун, 8 июль куни Гонконгнинг “South China Morning Post” газетаси хабар берди.
Айтилишича, ХХР раиси Си Цзиньпин 6 июль куни Нанкиндаги Хитой Халқ озодлик армиясининг Шарқий ҳудуд жанговар қўмондонлиги штаб-квартирасига борган. У зобитларни потенциал хавф-хатарлардан ҳушёр бўлишга чақириб, хавфсизлик билан боғлиқ вазият борган сари ўзгарувчан ва олдиндан айтиб бўлмайдиган бўлаётгани ҳамда дунё янги тартибсизлик ва ўзгаришлар даврига кирганини айтган.
Таҳлилчилар фикрича, Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг Тайвань бўғозини назорат қилувчи Шарқий жанговар қўмондонлик зонасига яқинда қилган сафари Пекиннинг оролга ҳужум қилинса, АҚШ ва Япония аралашувидан қўрқишини кўрсатмоқда.
Шанхай Сиёсий фанлар ва ҳуқуқшунослик университети профессори Ни Лэсюннинг таъкидлашича, Си Цзиньпиннинг сафари АҚШ Қуролли кучлар қўмитаси раиси Майк Рожерс бошчилигидаги Вакиллар палатаси делегациясининг Тайванга ташрифидан бир ҳафта ўтиб бўлган. Бундан ташқари, бир неча кун олдин Конгресснинг иккала палатаси Тайвань билан қўшма машғулотлар ва орол қуролли кучларини тайёрлаш дастурини назарда тутувчи 2024 йилга мўлжалланган Миллий мудофаа маблағлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилган.
“Конгрессменлар гуруҳининг Тайванга ташрифи Пекинга янада кўпроқ босим ўтказади ва Си Цзиньпинга қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра Вашингтон кучайиши ва Тайвань билан эҳтимолий уруш юзага келган тақдирда ҳарбий аралашувга киришиши мумкинлигини эслатади. Си Цзиньпин ўзини жиддий хавф остида ҳис қилмоқда, чунки Украинада давом этаётган уруш АҚШга ҳам қисқа муддатли, ҳам чўзилган можароларга тайёр бўлиш зарурлигини ўргатди. Шунинг учун яқин орада Тайванга янада кўпроқ ўқ-дорилар ва оғир қурол тизимлари етказиб берилиши эҳтимоли юқори”, дейди профессор.
Пекиндаги “Юань Ванг” ҳарбий таҳлил маркази ходими Чжоу Чэньминнинг сўзларига кўра, ўтган йилнинг август ойида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга сафаридан сўнг Хитой раҳбари ушбу минтақавий қўмондонлик қароргоҳига биринчи марта борган.
Тайванлик ҳарбий эксперт Люй Лишининг таъкидлашича, Хитой раҳбарининг баёнотлари "Тайванга жиддий огоҳлантириш" юбориш учун қилинган.
"Си Цзиньпин аниқ тушунадики, уруш бўлса, Шарқий минтақавий қўмондонлик АҚШ ва Япония қуролли кучларига қарши курашиши керак. Шу сабабли улар ҳушёр туриши ва доимо энг ёмонига тайёр бўлиши шарт", дейди хитойлик ҳарбий таҳлилчи Сун Сжунпин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь