Си Цзиньпин АҚШ ва Хитой ўртасидаги энг нозик масалани айтди 

Олам

image
0:00
0:00
download

Хитой-АҚШ муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаслик учун Тайвань масаласини тўғри ҳал қилиш керак. Бу ҳақда Хитой раҳбари Си Цзиньпин кеча, 18 март куни ўтказилган суҳбатда АҚШ Президенти Жо Байденга айтган. 

Хитой томонига кўра, Тайвань АҚШ билан муносабатлардаги энг нозик ва муҳим масала.

“Қўшма Штатлардаги баъзи шахслар Тайвандаги мустақиллик тарафдори бўлган кучларга нотўғри сигналлар юбормоқда ва бу жуда хавфли. Агар Тайвань масаласи тўғри ҳал этилмаса, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларга бузғунчи таъсир кўрсатади”, деган Си Цзиньпин. 

Оқ уй баёнотида айтилишича, Байден Хитой раҳбари билан суҳбатда АҚШнинг Тайванга нисбатан сиёсати ўзгармаганини яна бир бор таъкидлаган.

Хитой томони эса, АҚШ масалага етарлича эътибор қаратади деган умидда.

Си Цзиньпин, шунингдек, Байденга Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ якунланиши кераклигини айтган. 

“Барча томонлар Россия-Украина мулоқотини биргаликда қўллаб-қувватлаши керак, Қўшма Штатлар ва НАТО ҳам Россия билан музокаралар олиб бориши керак”, деган Си Цзиньпин. 

Маълумот ўрнида, Вашингтон расмий дипломатик алоқаларга эга бўлмаса ҳам Тайваннинг энг муҳим халқаро қўллаб-қувватловчиси ва қурол етказиб берувчиси ҳисобланади. 

Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага ҳужуми бошланган кун — 24 февралда Хитойнинг тўққизта самолёти Тайвань ҳудудига кирганди. 

ХХР марказий ҳукумати ва Тайвань ўртасидаги расмий муносабатлар 1949 йилда, Хитой Коммунистик партияси билан фуқаролар урушида мағлубиятга учраган Чанг Кайши бошчилигидаги Гоминдан қўшинлари Тайванга кўчиб ўтгандан сўнг узилган. Орол ва материк Хитой ўртасидаги бизнес ва норасмий алоқалар 1980-йилларнинг охирида қайта тикланди. 1990-йилларнинг бошидан бошлаб томонлар нодавлат ташкилотлар - Тайвань бўғози орқали алоқаларни ривожлантириш бўйича Пекин ассоциацияси ва Бўғозлар бўйлаб алмашинув бўйича Тайпей жамғармаси орқали алоқа ўрнатишни бошладилар.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Тайвань

Баҳолаганлар

774

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг