Швейцария суди Гулнора Каримованинг 840 млн долларлик бойлиги кимга ўтишини ҳал қилиши мумкин – FT
Жамият
−
28 Октябрь 2023
41871Швейцариядаги фуқаролик ишлари суди Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 840 миллион долларлик бойлиги кимга ўтишини ҳал қилиши мумкин. Бу ҳақда “Financial Times” нашри ёзди.
Маълумки, йиллар давомида “Ўзбекистон маликаси” сифатида танилган Гулнора Каримованинг 840 миллион долларлик бойлиги Швейцария банклари кассаларида, ҳукумат буйруғи билан музлатиб қўйилган. Швейцария бўйлаб фуқаролик судларида олиб борилаётган ҳуқуқий уруш эса яқинда активлар Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари, Zeromax холдинг компанияси кредиторлари ёки Гулнора Каримованинг ўзига тегишли эканини ҳал қилиши мумкин.
Қайд этилишича, 28 сентябрь куни Швейцария прокуратураси Каримовага қарши жиноий иш қўзғатган. Суд унинг бойлиги қаердан келгани ва қаерга йўналтирилиши ҳақида муҳим далилларни очиқлашни ваъда қилган. Айблов хулосаси эса аллақачон Zeromax кредиторларининг янги даъволарига сабаб бўлган.
Таъкидлаш жоизки, Швейцариянинг Зуг шаҳрида жойлашган Zeromax 2010 йилда банкрот бўлиб, ортидан 4,6 миллиард доллар қарз қолдирганида, бу Швейцария тарихидаги иккинчи йирик банкротлик ишига айланганди. Бунгача у Ўзбекистондаги энг йирик сармоядор ва иш берувчи бўлган, кўпчилик уни Каримова учун ниқоб деб ҳисоблаган.
Билдирилишича, компаниянинг кредиторлари – бразилиялик футбол юлдузларидан тортиб Германиянинг Қора ўрмонидаги ҳунармандларгача бўлган гуруҳ – Каримованинг пуллари уларни компенсация қилиши кераклигини айтмоқда.
Улар 10 октябрь куни Санкт-Галленда очилган ишда Швейцария ҳукуматининг йиллар давомида олиб борган “интригалари” адолатни бузиш ва уларнинг даъволарига путур етказишни мақсад қилганини айтган. Кредиторларнинг даъво қилишича, расмий Берн Каримованинг бойлигини тортиб олиб, Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматининг дипломатик ёрдами эвазига Тошкентга қайтармоқчи бўлган.
“Бизнинг мижозларимиз Швейцария ва Ўзбекистонда 2017 йилдан бери ҳукуматнинг юқори лавозимли аъзолари ўртасидаги тил бириктиришдан шикоят қилади. Швейцария ҳукумати ва (собиқ) федерал прокурорларнинг бизга нисбатан қайта-қайта ёмон муносабатидан кейин Санкт-Галлендаги судга тўлиқ ишонамиз”, деган иш ортида турган цюрихлик адвокат Томас Рим.
Швейцария Федерал Молия Департаменти эса бундай айбловлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини айтмоқда. Швейцария ҳукумати Zeromax ва Каримова ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини даъво қилмоқда.
2018 йилги суд қарорига кўра, Zeromax Каримова томонидан назорат қилинмаган ва унга фойда келтирмаган. Шунинг учун тегишли пулларни Ўзбекистон ҳукуматига топширишга ҳақли. Каримова эса ўзи ва Zeromax’га қўйилган порахўрлик айбловлари бўйича айбсизлигини иддао қилади.
“У барча айбловларга эътироз билдиради ва оқланиши учун курашади. Швейцария банкларида музлатилган пул қонуний равишда уники”, дейди Каримованинг Женевадаги адвокати Грегуар Манже.
Таъкидланишича, Швейцариядаги жиноий суд жараёнининг санаси ҳали белгиланмаган, аммо барча томонлар у ниҳоят қонуний чигалликни ҳал қилишига умид қилмоқда.
Келтирилишича, Гулнора Каримова отасининг ҳимояси остида Женевадаги уйидан дунёни айланиб чиқиб, халқаро майдонда ёрқин шахсга айланган.
“У ўзининг улкан бойлигини намойиш этиб, бир қатор ортиқча лойиҳаларда иштирок этди, жумладан Googoosha номи остидаги муваффақиятсиз поп карьера, VI асрни қамраб олган ипак ҳақидаги фильм, Guli мода бренди, Mysterieuse парфюмери шулар сирасига киради”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, АҚШ Адлия вазирлигининг 2019 йилдаги айблов хулосасида айтилишича, Каримова биргина телекоммуникация соҳасида Тошкентда шартнома тузмоқчи бўлган халқаро компаниялардан 850 миллион доллардан ортиқ пора олган. Иш ҳали судгача етиб бормаган.
2010 йилдан ошкор қилинган дипломатик хатларда америкалик дипломатлар уни “Ўзбекистонда нафратга дучор бўлган” ва мамлакатдаги “деярли ҳар қандай фойдали бизнесда улушга эга бўлиш йўлида ишлаган” “қароқчи барон” деб таърифлаган.
Улар, шунингдек, Zeromax ҳақида ҳам очиқ гапирган.
“Компанияни Гулнора Каримова бошқаради”, дейилади телеграммалардан бирида.
2018 йилда Швейцария суди Каримованинг Zeromax компаниясига алоқаси йўқ деган қарорга келиб, кредиторларнинг унинг музлатилган активлари бўйича даъво қўйишига тўсқинлик қилгани кўпчилик учун кутилмаган ҳодиса бўлган.
Қайд этилишича, Швейцария прокуратураси унга қўйган айбловларида Каримовани “офис” деб атайдиган халқаро жиноий гуруҳни бошқарганликда айбламоқда. У Швейцарияда жойлашган бўлиб, ўнлаб шахслар ва 100 дан ортиқ индивидуал компаниялардан (барчаси қонуний бизнес манфаатларига эга) иборат бўлиб, улар ўғирланган пулларни яшириш ва аъзоларини бойитиш учун яширинча бирга ишлаган. Жавобсиз қолаётган асосий савол эса: бунда Zeromax қандай роль ўйнаган?
Кредиторлар учун бу нафақат “офис”нинг бир қисми, балки унинг штаб-квартираси эди. Адвокат Томас Рим нега Швейцария ҳукумати ва олдинги прокурорлар бунга эътироз билдиришга уринишганига қизиқади.
Улар томонидан Санкт-Галлендаги иш бўйича Швейцария разведка идоралари ва полициясининг кўплаб ҳисоботлари бўлган, унда Каримованинг Zeromax компаниясига алоқадорлиги ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.
2018 йилда бу рад этилган ёки прокуратура қарорлари туфайли судда тегишли кўриб чиқилмаган. Адвокатнинг сўзларига кўра, Берн ушбу прокурорларга таянган.
Нашр адвокат тилга олган Швейцария полицияси хабарларидан бирини қўлга киритган. Кредиторлар эса ҳисоботда Каримованинг Zeromax билан алоқалари батафсил баён этилган, дея даъво қилмоқда.
Мисоллардан бирида 2016 йилда Швейцария полицияси Каримованинг Женевада ижарага олган сейфларни тинтув қилиш учун ордер олгани келтирилган. Тинтувда ҳашаматли заргарлик буюмлари, жумладан, Boucheron брендининг 2,5 миллион долларлик бриллиант узуклари топилган, буларнинг барчаси Zeromax томонидан тўланган. Женева заргарлик дўконининг эгаси полицияга берган баёнотида тақинчоқларни Каримова шахсан сотиб олгани ва пул Zeromax назорати остидаги банк ҳисобварағидан ўтказилганини айтган.
Адвокат Римнинг фикрича, Швейцария ҳукумати Zeromax кредиторлари билан алоқани тўхтатиб қўймоқчи бўлган, чунки у Тошкентга фойда келтирмоқчи эканини кўрган.
“Ўшанда Ўзбекистон ҳукумати Каримовани қамалганига қарамай, Алп тоғларида яшириб қўйган пулларини қайтариб ололмаганидан ғазаби кучайган эди. Швейцария пулни Тошкентга тезда қайтариб бериши эвазига Тошкент Халқаро валюта жамғармасида Швейцария бошчилигидаги овоз бериш блоки — Helvetistan’га қайта қўшилди”, дейди адвокат.
Айтилишича, Тошкентнинг қўллаб-қувватлаши Швейцариянинг ХВЖдаги нуфузини сақлаб қолишнинг муҳим элементи ҳисобланади. Helvetistan’га сайлов блоки Бернга ХВЖ директорлар кенгашидан жой беради.
Швейцария Ўзбекистон билан Каримованинг пулларини 2020 йилда қайтаришни бошлаш бўйича келишув имзолаган. Бироқ, бойлик учун давом этаётган кураш ҳисобга олинса, ваъда қачон амалга ошиши номаълум.