Швеция НАТОга аъзолик йўлида илк расмий қадамни қўйди

Олам

image

Швеция Ташқи ишлар вазири Анн Линде НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризани имзолади. Бу ҳақда “Aftonbladet” нашри хабар берди.

“Бу катта, жиддий ва гўё биз Швеция учун энг мос келадиган нарсага эришгандек туюлади”, дея SVT телеканали Линденинг сўзларини келтирди.

Линденинг таъкидлашича, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш учун аризаси Финляндия аризаси билан бирга тақдим этилади. Альянсга қўшилиш жараёни тахминан бир йил давом этиши мумкин.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

Финляндия ва Швеция Россиянинг Украинага ҳужуми фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади.

Камронбей Кенжаев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Швеция

Баҳолаганлар

21

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг