Шомуродов тўп тепаётган жамоанинг мураббийи ишдан бўшатилди
Спорт
−
18 Сентябрь
10980Римнинг “Рома” клуби устози Даниеле Де Росси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда футбол журналисти Никола Скира ўз Х саҳифасида маълум қилди.
41 ёшли италиялик мутахассиснинг ишдан олинишига жамоа мавсум стартидан бери ҳали ғалаба қозонмагани кўрсатилмоқда. Де Росси қўл остида “Рома” 4 та ўйин ўтказиб, 3 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этди.
Жамоа Италия А Сериясининг охирги турида сафарда “Женоа” билан баҳс олиб бориб, охирги дақиқаларда гол ўтказиб юборди ва ғалабани қўлдан чиқарди.
Ҳозирда Рим клубига мураббийлик қилиш учун асосий номзодлардан бири сифатида яна бир италиялик таниқли ва тажрибали мутахассис Клаудио Раньери кўрсатилмоқда. Элдор Шомуродов ўз вақтида Раньери қўл остидаги “Кальяри” клубида ҳам тўп тепган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик бошқа бир футболчи Остон Ўруновга айнан “Рома” клуби қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси