Шольц Эрдўғанни Берлинга таклиф қилди
Олам
−
30 Май 2023
2961Кеча, 29 май куни Германия канцлери Олаф Шольц Туркиянинг қайта сайланган Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилиб, Туркия раҳбарини Берлинга таклиф қилди. Бу ҳақда Германия Вазирлар Маҳкамаси расмий вакили Штеффен Хебештрайт маълум қилди.
“Германия канцлери бугун Туркия Республикасининг қайта сайланган Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди ва уни сайловдаги ғалабаси билан табриклади”, деган Германия ҳукумати расмий вакили.
Шунингдек, раҳбарлар икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликка янги куч билан ёндашишга ва умумий фаолият йўналишлари бўйича олдиндан келишиб олишга қарор қилган.
Бундан ташқари, етакчилар Шарқий Ўртаер денгизидаги вазиятни тартибга солиш, НАТОда ҳозирда қабул қилинаётган қарорлар, шунингдек, Туркиянинг Европа Иттифоқи билан алоқалари бўйича ҳамкорлик қилиш ниятида эканини билдирган.
“Шу мақсадда Германия канцлери қайта сайланган Президентни Берлинга таклиф қилди”, дейди Хебештрайт.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 май куни Туркияда президентлик сайловининг иккинчи тури бўлиб ўтганди. Олий сайлов кенгаши раиси Аҳмет Енер сайлов бюллетенларининг мутлақ кўпчилигини санаб чиқиш натижаларига кўра, амалдаги давлат раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўған президентлик сайловларининг иккинчи босқичида ғолиб бўлганини маълум қилди. Унга кўра, бюллетенларнинг 99,43 фоизини санаб чиқиш натижаларига кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған 52,14%, Камол Қиличдорўғли эса 47,86% овоз олган. Кеча, 28 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Эрдўғанга телефон қилиб табриклаганди. Эрдўған эса Истанбулдаги чиқишида Мирзиёев лозим бўлса Туркияга етиб боришини билдирганини айтди. АҚШ Президенти Байден, Россия Президенти Путин ҳам Эрдўғанни ғалабаси билан қутлади.
LiveБарчаси