Эрдўған сайловда мутлақ ғалаба қозонганини эълон қилди
Олам
−
28 Май 2023
14109Бугун, 28 май куни Туркиянинг амалдаги Президенти, “Адолат ва тараққиёт” партияси етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулда тарафдорлари қаршисига чиқди ва сайловдаги ғалабасини эълон қилди. Бу ҳақда “Haber Global” хабар берди.
Бугунги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида кўпчилик овозни қўлга киритган Эрдўған сайлов натижаларини демократия байрами деб атаган.
“Президентлик сайловларининг иккинчи босқичи якунланди. Халқимизга бизга берган демократия байрами, келгуси беш йил давомида мамлакатни бошқариш масъулиятини бизга топширгани учун миннатдорлик билдираман", деган Эрдўған.
Шунингдек, Туркия раҳбари Озарбайжон ва Ўзбекистон етакчилари уни ғалаба билан қутлаганини, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қўнғироқ қилиб, табриклаганида лозим бўлса Туркияга етиб боришини билдирганини айтган.
Ражаб Тойиб Эрдўған Истанбулдаги митингдан сўнг Анқарага учиб кетган.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирга қадар умумий сайлов участкаларидаги 99 фоиз сайлов қутилари очилган. Унга кўра, амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ҳозирда 52,8 фоиз овоз олган. Унинг рақиби Камол Қиличдорўғли эса 47,9 фоиз овоз йиғган.
Эрдўған яна кейинги беш йилда, яъни 2028 йилга қадар мамлакатни бошқаради.