Шофирконда карантин чоралари кучайтирилмоқда

Жамият 6013
image

Аввалроқ, Шофиркондаги оиланинг 7 нафар аъзосида коронавирус аниқлангани ва туманга кириб-чиқиш чеклангани ҳақида хабар берган эдик. Бухоро вилояти Матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу тумандаги карантин чоралари кучайтирилмоқда.

"Шофиркон туманида коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи борлиги бугунги кунда олдиндан эҳтиёт чораларини кўришни тақозо этмоқда. Шу боисдан ҳозирда туманда карантин эҳтиёт чоралари вақтинча кучайтирилган. Бу билан туман аҳолисининг касалликка чалиниш хавфидан кўпроқ ҳимоя қилиш назарга тутилган.

Хусусан, айни пайтда «Тезгузар», «Калон», «Доригар», «Саволик» ва «Регион» қишлоқлари ҳамда Х.Ориф МФЙ М.Ашрафий кўчасига кириш - чиқиш йўллари ҳамда умумий вазият тўлиқ назоратга олинган", дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 28-30 май кунлари давомида туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан карантинга олинган ҳудудларда зарарсизлантирувчи эритма пурковчи 4 та 600 литр ҳажмли ОДН трактори ва ИИБнинг 1 дона махсус «Водомёт» машинаси ёрдамида 1365 та хонадонда зарарсизлантириш ишлари олиб борилган.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 30 май куни Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шофиркон туман бўлими томонидан карантинга олинган ҳудудларда 4 та хизмат машиналари орқали 27 минг 500 литр ҳажмдаги гиппохлорид эритмаси сепилиб, дезинфекция ишлари амалга оширилган.

COVID-19 вируси аниқланган фуқаролар билан мулоқотда бўлган 268 нафар (80 та хонадон) шахслар жорий йилнинг 23-30 май кунлари уй карантинига олинди ҳамда ушбу хонадонлар 15 нафар ИИБ ва 11 нафар Миллий Гвардия ходимларидан иборат гуруҳлар томонидан қўриқланмоқда.

Шунингдек, 30 май куни Шофиркон туман ҳокимлиги томонидан карантинга олинган Вобкент, Ғиждувон ва Пешкў туманлари билан чегара ҳудудларидан ҳамда туман марказига кирувчи йўлларда ҳаракатланувчи автотранспорт воситаларини дезинфекция қилувчи дизбардёрлар ўрнатилган.

Шу билан бирга, карантин ҳудудида истиқомат қилувчи фуқароларга 6 тонна тоза ичимлик суви, 570 дона антисептик восита, 2300 дона ниқоблар етказиб берилган. Карантин ҳудудида хизмат олиб борувчи ходимлар ҳам антисептик воситалар билан тўлиқ таъминланган.

Аввалроқ, Бухоро вилоятининг уч тумани «яшил» тоифадан чиқариш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарори билан Ўзбекистонда амалдаги карантин талаблари 2020 йил 15 июнга қадар узайтирилди.

Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 124
Рейтинг: 3
t
×