Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди мансабдори ўлимга ҳукм қилинди
Олам
−
11 Июль 13667 2 дақиқа
Жорий йилнинг 9 июль куни Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном районидаги Лючжоу шаҳри халқ суди иккинчи инстанцияси Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди Халқ сиёсий маслаҳат кенгашининг собиқ раис ўринбосари Доу Ваньгуйни порахўрликда айбдор деб топди. Бу ҳақда “Синьхуа” хабар берди.
Қайд этилишича, суд унга икки йилга кечиктирилган ўлим жазосини тайинлаган, умрбод сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этилган, шунингдек, унинг барча шахсий мулки мусодара қилиниши белгиланган.
Маълум бўлишича, Доу Ваньгуй 2024 йил март ойида терговга тортилган, октябрь ойида ҳибсга олинган. Суд тергови давомида аниқланишича, у 2003 йилдан 2022 йилгача, яъни 19 йил давомида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган ва ўз хизмат мавқеидан фойдаланган. Ваньгуй пудрат шартномалари, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, корпоратив хўжалик фаолияти ва лавозим бўйича кўтарилиш соҳаларида манфаатдор ташкилотлар ва шахсларга ноқонуний кўмак кўрсатган.
Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Доу Ваньгуйнинг ноқонуний йўл билан қўлга киритган даромади 229 миллион юанни (қарийб 32 миллион АҚШ доллари) ташкил қилади.
Маълумот учун, Хитойда порахўрлик учун ўлим жазосини икки йилга кечиктириш билан чиқарилиши одатий ҳол. Бундай ҳолларда, агар икки йил ўтганидан сўнг, судланувчи яхши хулқ кўрсатса, ўлим жазоси умрбод қамоққа алмаштирилади, лекин енгиллик берилмайди ва муддатидан илгари озод этилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Хитой судида ноқонуний тарзда 15 миллион доллардан ортиқ маблағ олган мансабдор шахс ўлим жазосига ҳукм қилинганди.
Live
Барчаси