Шимолий Корея Жануб билан чегара яқинида баллистик ракеталар учирди
Олам
−
21:38 247 2 дақиқа
Шимолий Корея Вонсан ҳудудидан мамлакатнинг шарқий соҳили яқинидаги денгиз томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея Қўшма штаб бошлиқларига таяниб, “Reuters” хабар берди.
Жанубий Корея Қўшма штаб бошлиқлари маълумотига кўра, ракеталар маҳаллий вақт билан бугун, 12 сентябрь куни соат 05:20 атрофида учирилган. Улар тахминан 250 километр масофани босиб ўтиб, мамлакатнинг шарқий соҳили яқинидаги денгизга йўналган.
Жанубий Корея ва АҚШ расмийлари ракеталар учирилганини дастлабки босқичданоқ кузатиб борган ва олинган маълумотларни ўзаро алмашган. Баллистик ракеталар ҳақидаги маълумотлар Япония томонига ҳам етказилган.
Айни пайтда Жанубий Корея ва АҚШ расмийлари ракеталарнинг хусусиятларини батафсил таҳлил қилмоқда.
“Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея фаолиятини яқиндан кузатиб бормоқда ҳамда АҚШ билан биргаликдаги мудофаа тизими доирасида ҳар қандай провокацияга кескин жавоб бериш учун зарур имконият ва тайёргарликни сақлаб қолмоқда”, дейилади Қўшма штаб бошлиқлари баёнотида.
Ракеталар учирилганидан сўнг Жанубий Корея Президентининг Миллий хавфсизлик бошқармаси ҳузурида фавқулодда хавфсизлик йиғилиши ўтказилган. Унда Мудофаа вазирлиги, Қўшма штаб бошлиқлари ва бошқа тегишли идоралар вакиллари иштирок этган.
Йиғилишда ҳукуматнинг жавоб чоралари муҳокама қилиниб, ракеталар учирилишининг Жанубий Корея хавфсизлигига таъсири баҳоланган ҳамда зарур чоралар кўриб чиқилган.
Жанубий Корея Президент маъмурияти Пхеньянни баллистик ракеталар учиришни зудлик билан тўхтатишга чақирган. Маъмурият бундай ҳаракатларни БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларининг жиддий бузилиши деб баҳолаган.
АҚШ ҳарбийлари дастлабки баҳолашга кўра, ракеталар учирилиши ҳозирча АҚШ ҳарбийлари, ҳудуди ёки минтақадаги иттифоқчилари учун бевосита хавф туғдирмаганини билдирган.
“АҚШ ўз ҳудуди ва минтақадаги иттифоқчиларини ҳимоя қилиш мажбуриятини сақлаб қолад”, дейилади қўмондонликнинг X ижтимоий тармоғидаги баёнотида.
Live
Барчаси