Шимолий Корея ядро қуролини синовдан ўтказса, оқибати нима бўлиши очиқланди

Олам

image

Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Шимолий Корея ядровий қуролларни синовдан ўтказишда давом этадиган бўлса, иттифоқчилар билан биргаликда мисли кўрилмаган қаттиқ жавоб чоралари кўрилиши ҳақида огоҳлантирди. Юн Сок Ёль Хитойни Шимолий Кореянинг ядровий қуроллар ва ракеталар ишлаб чиқаришига қарши курашишга чақирган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзмоқда.

Хитой Шимолий Кореянинг энг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилади. Жанубий Корея Президенти эса Хитойни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги масъулиятини бажаришга чорлади.

Юн Сок Ёлнинг фикрига кўра, Хитой Шимолий Кореяни ядровий қуролларни синовдан ўтказишни тўхтатишга ундамаса, минтақадаги вазият таранглашиши мумкин.

“Ишончим комилки, Хитой Шимолий Кореяга таъсир ўтказиш имкониятига эга. Хитой бу жараёнда иштирок этиш учун жавобгардир”, дейди Жанубий Корея етакчиси.

Шимолий Кореянинг ҳаракатлари минтақа мамлакатларида, жумладан, Японияда мудофаа учун амалга ошириладиган харажатларнинг кўпайишига олиб келади. Шунингдек, минтақага Америка Қўшма Штатларининг самолёт ва ҳарбий кемалари кўпроқ жойлаштирилади.

“Шимолий Кореяни ядросизланишга ундаш учун саъй-ҳаракатларни амалга ошириш Хитой манфаатига ҳам хизмат қилади”, дейди Президент.

Юн Сок Ёлдан Шимолий Корея яна ядровий қуролларни синовдан ўтказадиган бўлса, Жанубий Корея ва унинг иттифоқчилари қай тарзда жавоб бериши мумкинлигини сўрашди. 

Президентнинг урғулашича, Жанубий Корея ва унга дўст давлатларнинг жавоби олдин берилганларидан қаттиқ бўлади. Бироқ Президент бу жавоб нима билан тугашига аниқлик киритишдан бош тортган.

“Шимолий Кореянинг еттинчи ядро синовини ўтказиши ниҳоятда ақлсизлик бўларди”, дейди Жанубий Корея раҳбари.

Маълумот ўрнида, жорий йил Шимолий Корея рекорд даражада кўп ракета синовларини ўтказди. Мамлакат етакчиси Ким Чен Ин Шимолий Корея дунёдаги энг қудратли ядровий кучга эга бўлиш ниятида эканини маълум қилди. Жанубий Корея ва АҚШ расмийларининг айтишича, Шимол 2017 йилдан бери биринчи марта ядровий қурол синовларини қайта бошлашга тайёрланаётган бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Юн Сок Ёль

Баҳолаганлар

276

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made