Шифокорлар коронавирусни юқтириб олишдан қўрқмаяптими? Реаниматолог Аҳаджон Ризақулов билан суҳбат
Интервью
−
16 Апрель 2020
10696Коронавирус касаллигига чалинган беморлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Шунинг баробарида касалликдан фориғ бўлганлар сафи ҳам кенгаймоқда. Бунда аввало шифокорларнинг ҳиссаси жуда катта. Хабарингиз бор, коронавирус дардига чалинган бир неча беморга ёрдам берган шифокорлар вақтинчалик дам олишга, карантин ҳудудига жойлаштирилган эди. QALAMPIR.UZ оғир ҳолатдаги беморларга тиббий ёрдам кўрсатган, жонлантириш бўлими шифокорларидан бири билан суҳбатлашди.
Суҳбатдошимиз 61 ёшли олий тоифали анестезиолог, реаниматолог Аҳаджон Ризақулов бўлди.
— Айтингчи, реанимацияга тушган беморларда қандай ҳолатлар кузатилмоқда?
— Бу вируснинг оғир таъсирида нафас йўлларига зарар етади. Респиратор тизимдаги ҳужайраларга вирус ёпишади. Бундай ҳужайраларда шу вирусга мойиллик бор. Ўпканинг ичида альвеола деган нафас пуфакчалари мавжуд. Альвеолаларда кислород ва карбонад ангидрид газлари алмашиши содир бўлади. Вирус альвеолага тушган вақтида газ алмашишни буза бошлайди. Натижада беморда нафас етишмовчилиги кузатилиб, қоннинг кислородга тўйиниши бузилади. Бу дегани циркулятор гипоксия ҳолати вужудга келади. Шу сабабли касаллик оғирлашиши юз беради. Асосий механизм шу бўлиб, энг ёмон асорати шунда кўзга ташланади.
“Циркулятор гипоксия – қонда кислород камлиги боис организм бўйлаб кислород тақчиллиги пайдо бўлади”.
— Беморлар бундай оғир ҳолатга тушиб қолса, қандай ёрдам берилмоқда?
— Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан жорий йил март ойида бу касалликнинг даволаш Дастури ишлаб чиқилган. Биз шу дастур асосида иш олиб боряпмиз. Айтишим мумкинки, дастур бўйича ишлаб, ёмон бўлмадик.
— Дастур ўзини оқлаяптими?
— Тўлиқлигича оқлаяпти, дейиш мумкин. Битта ўша вафот этган беморни айтмаганда, қолган барча беморларни шу дастур асосида касалликдан чиқариб олдик. Вафот этган бемор ҳам ўз вақтида хабар қилмагани сабабли ёрдам бера олмай қолдик.
Шунингдек, бир нарсани айтиш мумкинки, бу вирусга қарши одамларда специфик (махсус) иммунитет мавжуд эмас. Лекин, умумий иммунитети яхши одамларда бу касаллик енгил кечмоқда. “Болаларда, ёшларда бу енгил ўтади” деган гаплар ҳам тарқалди. Бу уларда иммунитет кучли бўлгани сабабли дейиш мумкин. Уларда касаллик оғир асоратларга олиб келмаяпти. Енгил ва ўрта даражада ўтиб кетмоқда. Мен ўз кўзларим билан кўриб, ишонч ҳосил қилдим. Ҳақиқатда, агар ёшларнинг ўзларида ҳамроҳ касалликлари, масалан юрак-қон томир, нафас олиш тизимида касалликлар бўлмаса, уларда енгил ўтиб кетмоқда. Қачонки ёшларда ҳамроҳ касалликлар бўлса, уларнинг ичида ҳам оғир кечган ҳолатлар бўлди. Лекин кўплари яхши бўлиб кетмоқда.
— Касалланган беморларнинг неча нафари жонлантириш бўлимига тушмоқда? Бунинг миқдори борми?
— Қўлимда бунинг аниқ ҳисоб-китоби йўқ. Тахминан айтишим мумкин, 5 фоизларга борса керак. Бизнинг ишимиз даволаш бўлгани учун бу бўйича аниқ маълумот бера олмайман. Менимча, 5 фоизлар чиқади.
— Дубайдан келган бир бемор билан гаплашганимизда жуда оддий ўтгани, грипп каби ўтказгани ҳақида айтди. Бунга нима дейсиз?
— Ҳа, худди шундай. Лекин бу касалликнинг ёмон тарафи – гриппга нисбатан юқиш даражаси кучлироқдир. Янги вирус бўлгани учун тарқалиш осон ва асоратлари ҳам гриппга нисбатан кўпроқ дейиш мумкин. Энг ёмон даражаси бу – пневмонияга олиб келишидир. Бунда ҳам бирданига пневмониянинг оғир, яъни вирусли турига олиб келмоқда. Шунинг учун бунинг атрофида гаплар кўпайиб кетяпти. Нега деганда, бемор ҳолати оғирлашиб қолса, унга фақат реанимация ҳолатида ёрдам бериш мумкин. Худога шукр, давлатимиз томонидан етарли жиҳозлар олдиндан олиб келиб қўйилгани сабабли қийналмаяпмиз.
— Бу ҳолатда биринчи ўринда сунъий нафас бериш мосламаларига эҳтиёж сезилади. Улар бизда қанча миқдорда?
— Етарли миқдорда бор. Бизнинг жонлантириш бўлимимизда 2-3 тасини ишлатган бўлсак, ундан ташқари яна 7 та аппаратни ишлатмадик. Барча жиҳозларни биринчи куннинг ўзидаёқ олиб келиш бошланди.
— Беморларнинг овқатланиш рациони ҳам бошқалардан фарқ қиладими?
— Оғир даражадаги беморларда ичак фаолияти ҳам бузилиши кузатилгани сабабли, енгилроқ ҳазм қиладиган овқатлар беряпмиз. Бундай режимни 2-стол деймиз. Бемор тузалиб ҳолати яхшиланганидан сўнгина 15-столга, яъни оддий овқатланиш режимига ўтилади. Бу беморларга унчалик катта парҳез қилиш керак эмас. Жуда оғир, интоксикация ҳолатларида енгилроқ овқатлар берамиз.
— Касалликни юқтириб олишдан қўрқмадингизми?
— Биз шифокорлар ҳам оддий инсонмиз. Биз ҳимояланган ҳолатда улар билан контактда бўламиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган барча кўрсатмаларга риоя қилинса, ҳеч қандай юқиш ҳолати бўлмайди. Қўл ювиш, ниқоб тақиш ва бошқа кўрсатмаларни бажарсангиз, касаллик олди олинади. Хавотир ҳар қандай инсонда бўлади. Билмай бирор нарса қилиб қўйдимми деган гумонлар ҳам бўлиб туради. Одам ўзини 100 фоиз назорат қила олмайди-ку, ахир. Шошилинч бўлиб қолган вазиятларда билмасдан, қўлни ювмай биронта ҳаракат қилиб қўйиш мумкин. Шулардан қўрқиб кўнглингизда барибир хавотир бўлади. Умуман олганда, доимо ҳимояланган ҳолда иш олиб бордик. Ўзимизни индивидуал ҳимоялаш чоралари бўйича барча воситалар таъминланди. Махсус кийимлар, ниқоблар етарли ҳолда бўлди.
— Дунёнинг турли минтақаларида, хусусан Европада шифокорлар томонидан иш ташлашлар кузатилмоқда. Бизнинг шифокорлар орасида ҳам шундай қаршилик кўрсатганлар бўлдими?
— Йўқ, бизда аксинча ҳолат. Бориб ишлаймиз деб келиш истагини билдирганларнинг аризалари жуда кўпайиб кетди. Чунки вазиятни ҳамма тушуниб турибди. Шу кунгача бирорта шифокор “мен ишламайман” деб қочганини кўрганимиз йўқ. Бизга мана ҳозир 14 кун карантин муддати берилди. Бу давр ичида тозаланиб, ташқарига чиқамиз ва озроқ дам олиб яна ишга тайёр бўламиз. Битта мен эмас, ёнимдаги барча йигитлар яна маълум вақт ўтиб, ишга қайтишга тайёр. Фақат тоза чиқсак, бир марта уйга бориб келсак бўлди. Энди ҳамма ҳам уйни соғинади. Худо хоҳласа, бизда бундай пайтда бош тортадиганлар чиқмайди. Биз ўзбеклар, бундай миллат эмасмиз.
— Коронавирусни ўз кўзи билан кўрган шифокор сифатида халқимизга юзланиб нима дейсиз?
— Ҳеч қачон касал бўлишмасин. Касалликлардан йироқ юришсин. Халқимиздан илтимосим шуки, мутасаддилар, оммавий ахборот воситалари олиб бораётган тарғиботлар бўйича иш юритишсин. Барча қонун-қоидаларга амал қилиб, ўзини асраб, айтилаётган кўрсатмаларга тўла риоя қилишсин. Шунда бу балони тўхтатамиз. Ҳамма ҳолатни яхши тушуниб турибди. Ҳамма бу бало тез орада ўтиб кетиши тарафдори, менимча.
LiveБарчаси