“International Beverages Tashkent” ССВга 2,5 млрд сўмлик хайрия қилди
Жамият
−
16 Апрель 2020
5375“International Beverages Tashkent” МЧЖ қўшма корхонаси хайрия лойиҳаси доирасида Бельгияда ишлаб чиқарилган жами 1,6 миллиард сўмлик “Caelus Lite” эксперт тоифасидаги наркоз-нафас олиш аппаратларини Соғлиқни сақлаш вазирлигига бепул тақдим этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га компания маълум қилди.
Наркоз-нафас олиш аппаратлари COVID-19 коронавирус инфекцияси юқтириб олган беморларни даволаш учун тақдим этилган.
Бундан ташқари, компания 300 миллион сўм маблағни “Ўзбекистон Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказди ҳамда кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш фондларига ва бошқа хайрия лойиҳаларига 600 миллион сўм маблағ юборди. Шундай қилиб, хайриянинг умумий қиймати 2,5 миллиард сўмни ташкил этди.
“Биз дунёдаги вазиятни синчковлик билан таҳлил қилдик ва мамлакатда келгусида юзага келиши мумкин бўлган пандемиянинг оқибатларини олдиндан тахмин қилишга ҳаракат қилдик. Биринчи навбатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан боғландик ва улар билан маслаҳатлашган ҳолда ушбу аппаратларни сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Умид қиламизки, наркоз-нафас олиш аппаратлари коронавирусга чалинган аҳволи оғир беморлар тезроқ соғайишида кўмаклашади ва шифокорларимиз ишида самарали хизмат қилади!”, дейди “International Beverages Tashkent” директори Музаффар Салижанов.
Маълумот учун, ширин салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи “International Beverages Tashkent” МЧЖ ҚК PepsiCo компаниясининг Ўзбекистондаги ягона боттлери ҳисобланади.
“Medec Caelus” наркоз-нафас олиш аппаратлари “MEDEC” компаниясининг анестезиология иш станциялари соҳасидаги 40 йиллик тажрибаси натижасидир. Ушбу қурилманинг асосий вазифаси — анестезиология бўлиб, айни пайтда тўла тўкис ўпканинг сунъий шамоллатиш вазифасини ҳам бажаради.
LiveБарчаси