Қорақалпоғистонда икки йигит вояга етмаган қизнинг номусига тегди

Жамият 10532
image

Қорақалпоғистон Республикаси жанубий туманларининг бирида икки йигит вояга етмаган қизнинг номусига тегишди.

1993 йилда туғилган Б.Э. бундан уч йил олдин баданга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятга қўл урган, аммо суднинг ажримига кўра унинг айблилик масаласи тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилганди. Бундан тўғри хулоса чиқармаган Б.Э. ҳар доим бекор юришни одат қилган. Тайинли бир ишнинг бошидан тутмаган, қолаверса, ёш оиласи “ташвиш”ини ота-она ихтиёрига топшириб, “ўзига ўхшаган”лар билан улфатчилик қилишни одатга айлантирди.

Шу билан бирга Б.Э. ўз оиласи бўлишига қарамасдан, ахлоқан қашшоқлиги боис оиласидан ажрашган, на келинлик хонадонига, на ота уйига сиғмай, саёқ юрган Д.Ҳ. исмли аёл билан ҳам  “пинҳона” учрашиб юради.

Бундан ташқари, Б.Э. бу пайт давомида ўзига олдиндан таниш бўлган, ҳали балоғат ёшига етмаган қизнинг ҳам “бошини айлантириб”, унинг номусига тегиш режаларини тузар эди.

Кунларнинг бирида Б.Э. ўзининг бекорчи танишлари билан ҳудуддаги кафелардан биридан маст ҳолатда чиқиб, танишининг уйида ичкиликбозликни яна давом эттиради.

Орадан бироз вақт ўтгач, Б.Э. маст ҳолатида бу уйга вояга етмаган таниш қизни ҳам олиб келади. Ҳали балоғат ёшига етмаган қизга мажбурлаб спиртли ичимлик ичиришади.

Шу пайт Б.Э. қизнинг сархушлигидан фойдаланиб, уни қўшни хонага олиб чиқиб зўрлайди. Ундан кейин унинг яқин дўсти М.О. ҳам қизнинг ожизлигидан, яъни ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмаслигидан фойдаланади.

Икки йигит томонидан содир этилган оғир жиноят ўз вақтида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари томонидан фош этилиб, жиноятчилар қўлга олинди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Суд ишни холисона ва ҳар томонлама ўрганиб чиқди ва суднинг ҳукмига биноан, Б.Э. ва М.О.га қилмишларига яраша узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 278
Рейтинг: 2.9
Теглар