Шерматов: “Дарслар интернет орқали бўлганида, аҳвол бундан ҳам баттар бўларди”

Интервью

Ўзбекистонда интернет тезлиги паст бўлгани учун карантин вақтида мактаб ўқувчиларининг дарслари онлайн эмас, телевизион форматда йўлга қўйилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов QALAMPIR.UZ`га берган интервьюсида маълум қилди.

Таҳририятимиз мухбири вазирга қуйидаги савол билан юзланди:

Бизда интернет муаммоси сақланиб қоляпти. Сиз Халқ таълими вазири, коммуникация соҳасида ишлаган мутахассис ва оддий фуқаро сифатида интернет тезлигидаги муаммолар ва уларнинг ечими бўйича қандай таклифлар берган бўлардингиз?

“Тўрт йил аввалгига қарайдиган бўлсак, Тошкентда ўтириб ҳам, Зангиотада масалан сизлар билан Zoom`да бундай гаплаша олмасдик. Чунки 1 Мбитли тарифнинг ўзи жуда катта ҳисобланарди. Унақа тариф олиш ҳам қийин эди. Ҳозир кўз тегмасин гаплашиб ўтирибмиз. Бу ҳам интернет тезлиги бироз бўлса ҳам ўзгарганидан далолат бўлса керак. Шунчаки, талаб ҳам ошиб боряпти. Кўпчилик ҳозир уйига оптик толали интернет улаган. Ижобий ўзгаришлар бор. Лекин буёғига яна ошириш керак. Ҳамма карантинга ўтганидан кейин интернетга талаб ошиб кетди”, дейди Шерматов.

Вазир сўзида давом этиб, нафақат Ўзбекистонда бутун дунёда карантин сабаб интернетга талаб ошгани ва натижада сифат 30-40 фоизга пасайганини айтиб ўтди. Шунингдек, кўплаб давлатлар машҳур видеохостинглардан роликлар сифатини пасайтириброқ кўрсатишни сўраганини қўшимча қилди.

Журналист интернет масаласи ҳозирги вазиятда тўғридан-тўғри таълим сифатига таъсир ўтказиши мумкинлигини айтиб, вазирга савол берди.

“Дарсларни интернет орқали қилмаганимизнинг сабаби шу. Биз интернет қандайлигини биламиз. Масалан, Қозоғистон биздан анча олдин интернет соҳасига катта сармоя киритган. Улар бошида онлайн дарс ўтамиз, деб ҳаракат қилишди. Нима бўлди? “Йўқ, интернет инфратузилмамиз кўтармас экан”, дейишди. Кейин телевизион дарс ўтишни бошлашди. Биз бошидан чекка ҳудудларда интернет муаммосини билиб, Ҳукуматда муҳокама қилиб, оғир контентни телевидение орқали узатишга қарор қилдик. Нима оғир трафик бўлади? Видео оғир трафик талаб қиладиган масала. Узоқ ҳудудларда видео масаласи жуда оғир бўлади. Айниқса, ҳамма карантинда ўтирганида. Ҳозир фараз қилинг, ҳамма мана шу дарслар интернет орқали бўлганида, аҳвол бундан ҳам баттар бўларди.

Шунинг учун, бу муаммодан хабаримиз бор. Болаларнинг таълим сифатига салбий таъсирининг олдини олиш учун, биз интернет орқали дарс қилаётганимиз йўқ. Дарсларни “Онлайн мактаб” дейилиши – бу ном. Лекин дарслар телевидение орқали кетяпти. Телевидение, кўз тегмасин, республикамизнинг деярли ҳамма жойида ишлайди.

Энди, албатта, электр энергияси йўқ бўлган ёки тоғли ҳудудларимиз бор дейиш мумкин. Афсуски, ундай жойлар бор. У ерда, электр бўлмаслиги мумкин, интернетни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Уларга ҳам вақти билан бориши керак. Лекин оммавий жиҳатдан энг кўп қамраб олишнинг йўли телевидение. Шунинг учун ҳам телевидение орқали қилдик. Бу дарсни тўлақонли олиб бориш учун интернет керак эмас”, деди Шерзод Шерматов.

Вазир ўқитувчилардан ўқувчиларнинг дарсларини имкон даражасида текшириб туриш ва зарур вақтларда ёрдам бериш сўралганини қўшимча қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Шерматов онлайн мактаб

Баҳолаганлар

157

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг