Шавкат Мирзиёев вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларни огоҳлантирди
Жамият
−
15:59 3283 1 дақиқа
Жорий йилда Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион АҚШ долларилик инвестиция битимлари имзоланди. Ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ҳақда бугун, 13 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ўз раислигида ўтаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда масъулларни огоҳлантирди.
Қайд этилишича, ўтган йили хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард АҚШ долларилик келишувларга эришилган. Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион АҚШ долларилик инвестиция битимлари имзоланган.
Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ёки ҳокимлар ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантирилган.
Инвестиция кўпайгани ҳисобига қурилиш ҳам ошади. Мутасаддиларга бу йилги қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилган.
Жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун бюджетдан 40 триллион сўм берилмоқда. Бу қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор.
Лекин ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари қурилиш сифати ва самарадорлигини назорат қилишга улгурмаяпти. Шу боис, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланган.
Live
Барчаси