Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон бир-бирларини Янги йил билан табриклади

Жамият 1502
image

Бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил билан бир-бирларини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон биродар халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, суҳбатда икки томонлама алоқалар ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг биринчи галдаги вазифалари белгиланган. Барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилган.

Давлат раҳбарлари бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиққан. Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президентига 2021 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликда муваффақият тилаган.

Тожикистон Президенти Матбуот хизматининг маълум қилишича, Тожикистон Республикаси Президенти ўтган йилдаги барча объектив қийинчиликларга қарамай, кўплаб келишувлар амалга оширилганини таъкидлаган. Бунга Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилиши катта ёрдам берган.

Хусусан, тожик-ўзбек қўшма корхонаси, шунингдек, Тожикистоннинг Спитамен вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган ўрта таълим муассасаси расман фойдаланишга топширилгани таъкидланган.

Шунингдек, Тожикистон Президенти COVID-19 пандемияси тарқалиши шароитида томонларнинг яқин ҳамкорлигини алоҳида таъкидланган ва шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан инсонпарварлик ҳаракатларини икки халқ ўртасидаги алоқаларга хос бўлган қўшничилик ва ўзаро ёрдам анъаналари намоён бўлишининг энг юқори шакли сифатида баҳолаган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 2.8
t
×