Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноев хонадонида бўлиб, унинг онасига таъзия билдирди
Жамият
−
21 Сентябрь 2020
22607Хабарингиз бор, кеча, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ўктам Барноев оғир хасталик туфайли 56 ёшида вафот этган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди. Қуръон тиловат қилинди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ўктам Барноев меҳнат фаолиятини ўзи туғилиб ўсган Бухоро вилоятида бошлаган. Кейинчалик Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида, Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. 2008-2010 йилларда Самарқанд, 2016-2020 йилларда Бухоро вилояти ҳокими бўлган. У жорий йилдан Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Ўктам Барноевнинг деярли бутун фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги билан боғлиқ бўлди. У ушбу соҳадаги ислоҳотларини амалга оширишда асосий ижрочилардан бири эди. Бу йўлда барча билим, тажриба ва кучини сафарбар қилди. Аграр тармоқни диверсификация қилиш, бозор механизмлари ва кооперация тизимини жорий этиш, ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, ҳосилдорликни ошириб, озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга катта ҳисса қўшди”, дейилади расмий хабарда.
Давлат раҳбари бугун марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.
“Ўктамжон олижаноб, забардаст, фидойи, ватанпарвар, ўрнак олишга арзигулик инсон эди. Бош вазир пайтларимда ҳам бирга ишладик. Гапирмасам ҳам мени тушунарди. Бир инсоннинг тарбияланиб, шундай кадр бўлиб етишиши осон эмас. Айниқса, охирги пайтлар оғир соҳани бериб, кўнглим тинчиб, кўп ишларни бошлаган эдик. Бу офат бутун дунёга келди. Қўлимиздан келган ҳамма нарсани қилдик. Лекин ўлим ҳақ. Аллоҳнинг иродаси экан. Бу ҳаммамизга мусибат. Жойи жаннатда бўлсин”, дейди Президент.
Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.
Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, халққа осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдилар.
Маълумот ўрнида
Ўктам Барноев 1964 йилда туғилган. У 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.
2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган.
Шунингдек, 2007—2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари, 2008—2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими, 2011—2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда “Ўзагрокимё” компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. У 2016 йил декабридан 2020 йил 28 февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик бўлган.
2020 йил февраль ойи охирида Бош вазир ўринбосари этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўктам Барноевда ҳам коронавирус аниқланганди. Бу ҳақда жамоатчиликка 30 июлда маълум қилинганди.