Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев вафот этди
Жамият
−
20 Сентябрь 2020
23240Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 56 ёшида вафот этди.
Ўктам Барноев 1964 йилда туғилган. У 1997—2000 йилларда Бухоро вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодиёт ва ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган. 2000—2002 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида раҳбар лавозимларда фаолият олиб борган.
2002—2004 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг агросаноат мажмуасида етакчи мутахассис, 2004—2005 йилларда ҳукуматнинг Қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири, 2005—2007 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва халқ истеъмоли маҳсулотлари ахборот-таҳлил департаменти мудири лавозимларида ишлаган.
Шунингдек, 2007—2008 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари, 2008—2010 йилларда Самарқанд вилояти ҳокими, 2011—2016 йилларда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Республика сув инспекцияси бошлиғи, 2016 йилда “Ўзагрокимё” компанияси бошқаруви раиси лавозимларида фаолият олиб борган. У 2016 йил декабридан 2020 йил 28 февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик бўлган.
2020 йил февраль ойи охирида Бош вазир ўринбосари этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўктам Барноевда ҳам коронавирус аниқланганди. Бу ҳақда жамоатчиликка 30 июлда маълум қилинганди.
QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳумнинг яқинлари ва дўстларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси