Шавкат Мирзиёев Трампга анъанавий ўзбек шийпонларини совға қилди
Жамият
−
16:15 2139 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трампга анъанавий ўзбек айвонларини совға қилди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
АҚШ Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондан юборилган айвонлар Америка томонидан қабул қилиб олинган. Дональд Трамп ушбу совғани Америка халқи номидан қабул қилган.

Анъанавий ўзбек услубида тайёрланган ва нафис ёғоч ўймакорлиги билан безатилган айвонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дўстона муносабатлар рамзи сифатида парк ҳудудида ўрнатилади. Ташриф буюрувчилар уларни куз ойларида кўришлари мумкин бўлиши кутилмоқда.

Айвонлар АҚШда амалга оширилиши режалаштирилган “Америка миллий қаҳрамонлари парки” лойиҳаси доирасида Ғарбий Потомак паркига ўрнатилади. Ушбу лойиҳа доирасида 250 га яқин машҳур америкаликларнинг ҳайкаллари, шунингдек, ресторанлар, амфитеатр ва бошқа объектлар барпо этилиши назарда тутилган.

АҚШ Ички ишлар вазирлиги вакили Кэти Мартининг айтишича, анъанавий ўзбек шийпонлари икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам алоқалар рамзи бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов ҳам совғалар АҚШга етиб борганини тасдиқлаган.
“Вашингтондаги “Америка миллий қаҳрамонлари парки”да ўзбек санъатини кўришдан фахрланаман. Ўзбекистон Президентининг АҚШ Президентига ва Америка халқига совғаси бўлган иккита анъанавий ўзбек айвони (шийпони) дўстлигимиз ва стратегик шериклигимиз рамзи бўлиб хизмат қилади”, деб ёзди Сиддиқов ўзининг X’даги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Қатар томонидан совға қилинган янги президент самолётини жамоатчиликка тақдим этганди.
Live
Барчаси