Шавкат Мирзиёев Россияга боради

Жамият

image

Бугун, 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг РФга бўлажак ташрифига тайёргарлик муҳокама қилинди.

Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар жабҳалардаги Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Вазирлар дунёда коронавирус атрофида кузатилаётган вазиятни ҳам муҳокама қилиб, савдо-иқтисодий алоқаларга пандемиянинг салбий таъсирини қисқартириш учун яқин ҳамкорликни давом эттиришнинг зарурлигини қайд этдилар.

Турли даражалардаги ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасидаги бўлажак қўшма тадбирларнинг жадвали, кун тартиби ва уларга тайёргарлик кўришнинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди. Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистоннинг МДҲга раислиги доирасида кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш бўйича фикр алмашдилар.

Вазирлар Ўзбекистон ва Россия Ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг биринчи йиғилиши, шунингдек, икки давлатнинг Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 20-йиғилишида қабул қилинган қарорларнинг ижроси муҳокама этилди.

Бундан ташқари, Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиёдаги хвафсизликни таъминлаш учун ҳамкорликни кучайтириш ва ЕХҲТдаги инқироз юзасидан фикр алмашилди.

Телефон орқали мулоқот чоғида халқаро ва минтақавий сиёсатнинг алоҳида мавзулари ҳам кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг РФга ташрифи жорий йилнинг февраль ойида амалга ошиши керак эди. Бироқ ташриф амалга ошмай қолганди ва июнь ойига кўчирилганди. Президент ташрифи июнда ҳам амалга ошмади. Афтидан, бунга коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб бўлди.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев сўнгги бор Россияга 24 июнда ўтказилган Ғалаба парадида иштирок этиш учун борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Абдулазиз Комилов Ўзбекистон-Россия

Баҳолаганлар

1582

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг