Мирзиёев Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этди (фоторепортаж)
Жамият
−
24 Июнь 2020
14938Аввал хабар берганимиздек, бугун, 24 июнь куни Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган тантанали тадбир 9 май куни ўтказилиши режалаштирилган эди. Аммо коронавирус пандемияси сабабли уни ташкиллаштириш кейинги муддатларга сурилди. Зафарли 1945 йилда Ғалабанинг биринчи марказий паради 24 июнь санасида ўтказилгани боис жорий йил ҳам бундай тантана учун айнан шу кун танланди.
“Мазкур тарихан муҳим воқеани биргаликда нишонлаш мақсадида Россия ҳукумати музаффар мамлакатлар раҳбариятлари номига таклифномалар юборди. Ўзбекистон ҳам, албатта, ўша ғолиб давлатлар сирасида. Халқимизнинг ўша машъум урушда муваффақият учун қўшган ҳиссаси, ҳеч муболағасиз, улкан”, деб ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистондан 2 миллионга яқин киши урушга сафарбар этилган.
“Таъкидлаш жоиз, пандемия бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатаётган ҳозирги оғир шароитда давлатимиз раҳбарининг бундай тадбирда иштирок этишининг ўзи аждодларга хос қаҳрамонлик ифодасидир. Экспертлар фикрига қараганда, мустақил Ўзбекистон Президентининг илк бор қатнашиши параднинг нуфузини сезиларли даражада оширади.
Ҳарбийларимиз ҳам мазкур тадбирда юртимиз истиқлолга эришганидан кейин биринчи бор иштирок этишлари. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кеча Россия Президенти Владимир Путин билан Кремлда бўлиб ўтган учрашувида таъкидланидек, бу бизнинг умумий тарихимиз, умумий ғалабамиздир. Халқларимиз намойиш этган жасорат барчамиз учун чексиз ғурур манбаи бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимиз раҳбари Москванинг Қизил майдонида бўлиб ўтган тантанали тадбирда ўз иштироки билан Ўзбекистон элининг шонли Ғалабага эришишдаги умум эътироф этилган буюк хизматига ҳурмат бажо келтирди.
Шу билан бир қаторда, мард ва жасур халқимизнинг шафқатсиз уруш сабаб чеккан мислсиз азияти, азоб-уқубатлари яна бир бор халқаро майдонда ёдга олинди”, дейилади хабарда.
Тантанада 13 та давлатдан 225 та ҳарбий техника, 14 минг аскар ва офицер қатнашди. Россия пойтахти осмонидан 55 самолёт ва 20 та вертолётнинг учиб ўтди.
Маълумот ўрнида, ушбу йиғинда Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳам иштирок этди.
LiveБарчаси