Шавкат Мирзиёев мудофаа саноати корхоналари фаолияти билан танишди
Жамият
−
13 Январь 6232 2 дақиқа
Бугун, 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳридаги технопаркка ташриф буюриб, мудофаа саноати корхоналари фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у ерда зирҳли ва махсус техникалар ҳамда илғор функционал имкониятлари ва техник хусусиятлари билан ажралиб турадиган бир неча турдаги масофадан бошқариладиган жанговар модулларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ушбу ечимлар ҳаракатланувчи ва турғун нишонларга, шу жумладан, кўриниш чекланган шароитларда ўт очишни таъминлайди. Автоматлаштирилган бошқарув, барқарорлаштириш, оптик ва акустик кузатув тизимлари, шунингдек, замонавий нишонга олиш воситалари билан жиҳозланган.

Давлат раҳбарига асосий бутловчи қисмларни йиғиш, оптик-электрон ва барқарорлаштириш тизимларини ўрнатиш, дастурий созлаш ва герметикликни назорат қилиш, қурол-аслаҳаларни интеграциялаш ва комплекс синовларни ўз ичига олган ишлаб чиқариш босқичлари ҳақида маълумот берилган. Якуний босқичда тайёр модуллар енгил зирҳли техника намуналарига ўрнатилади ва дала шароитида текширилади.

Жанговар модуллар турли платформалар, жумладан, енгил зирҳли техника, махсус автомобиллар, катерлар ва зирҳли транспортёрларни жиҳозлаш учун мўлжалланган.
Лойиҳа бир қатор хорижий ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистоннинг тегишли идоралари ва саноат корхоналари иштирокида амалга оширилмоқда.

“Буларнинг барчаси мамлакатимиз мудофаа саноати корхоналарида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, иш ўринларини яратиш, ўз саноат ва технологик базасини шакллантиришга хизмат қилмоқда”, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари маҳсулотларнинг сифати ва ишончлилигига доир талабларга қатъий амал қилиш, маҳаллийлаштиришни изчил кенгайтириш, муҳандислик компетенцияларини ривожлантириш ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Чирчиқ авиация таъмирлаш заводига ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди. Давлат раҳбари корхонада амалга оширилган кенг кўламли модернизация натижалари ҳамда унинг янги юқори технологик бўлинмалари фаолияти билан танишганди.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Тошкент вилоятидаги Махсус операциялар кучлари полигони билан танишди ва Қуролли Кучлар бўлинмалари билан ўтказилаётган машқларнинг фаол босқичини кузатди.
Live
Барчаси