Шавкат Мирзиёев Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб-интернатига автобус совға қилди
Жамият
−
04 Июнь 2019
5381Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 16-17 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасида Андижон шаҳридаги Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатда бўлган, бу ерда ташкил этилган шоир музейини кўздан кечириб, ижодкор ёшлар билан суҳбатлашганди.
Давлат раҳбари таълим-тарбия ишлари самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш ҳақида фикрлар билдириб, ёшларнинг бошқа вилоятлардаги ижод мактабларига бориб, тенгдошлари билан мулоқот қилишларига кўмаклашиш мақсадида мактабга автобус ажратиш ҳақида мутасаддиларга топшириқ берган эди.
Куни кеча Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф хиёбонида меҳнат фахрийлари, ижодкорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирокида вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов мактаб жамоасига Президент совғаси – автобусни тантанали равишда топширди.
“Юртбошимизнинг эътиборидан беҳад мамнунмиз. Бу эътибор жамоамизни кўтаринки кайфият, шижоат, фидойилик билан ишлашга, ўқувчиларимизни ўқишда, ижодда янада фаол бўлишга ундайди”, дейди мактаб-интернат директори Ш.Нурматова.
Айни кунда ушбу мактабда 250 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда. Билим даргоҳида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёт, бадиий ижод борасида пухта билим берилмоқда.
Мактаб маъмурияти томонидан иқтидорли ўқувчилар ва устозлардан иборат ижодий гуруҳлар ташкил этилиб, ёзги таътил даврида вилоятнинг чекка қишлоқларига ижодий сафарлар уюштириш, тенгдошлари, уюшмаган ёшлар билан учрашувлар ўтказиш, болалар дам олиш оромгоҳларида адабий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш режаси ишлаб чиқилган. Ана шу йўналишдаги ишларни амалга оширишда Президент совғаси – автобус жамоа ижодий гуруҳига яқин кўмакчи бўлади.
LiveБарчаси