Шавкат Мирзиёев Хитойга жўнаб кетди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан бугун, 17 май куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф дастурига мувофиқ, 18-19 май кунлари Сиань шаҳрида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказиш, “Марказий Осиё-Хитой” форматидаги саммитда иштирок этиш ҳамда Хитойнинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот учун, саммитда Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон етакчиси Садир Жапаров, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда. 

Бу ушбу олти мамлакат раҳбарининг Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришганидан буён, 31 йил ичидаги илк юзма-юз саммити ҳисобланади. 

Саммит давомида Си Цзиньпин нутқ сўзлаши, давлат раҳбарлари Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишини кўриб чиқиши, “Хитой-Марказий Осиё” механизмини яратиш, турли соҳалардаги ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли асосий халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиши маълум қилинган.

Шунингдек, давлат раҳбарлари бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолаши кутиляпти. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 17 май куни Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида ҳам қатнашди. Шунингдек, давлат раҳбари бугун Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини ҳам зиёрат қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Хитой

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг