Шавкат Мирзиёев 4-синф ўқувчига автомобиль совға қилди (видео)
Жамият
−
24 Февраль 30260 1 дақиқа
Бугун, 24 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан учрашуви чоғида жонли ижрода қўшиқ куйлаган 4-синф ўқувчисига машина совға қилди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида Хоразмнинг Урганч тумани 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби 4-синф ўқувчиси Отамурод Реимбоев жонли ижрода Комилжон Отаниёзов репертуаридан қўшиқ куйлаб, ўз маҳорати билан йиғилганларда катта таассурот қолдирган.
“Отамуроднинг истеъдоди ва саҳнадаги чиқиши Президентимиз томонидан алоҳида эътироф этилиб, автомобиль совға қилинди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев “Кўксарой” қароргоҳида ёшлар билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур учрашув чоғида ёшлар учун бир қатор янгиликлар эълон қилинди. Жумладан, эндиликда Ўзбекистонда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ипотека дастури доирасида кредит ставкасини 14 фоиздан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилади. Шунингдек, жазони ўтаган ёшлар учун “Иккинчи имкон” лойиҳаси бошланади. Ёшлар ишлари агентлигида Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинади. “Менинг биринчи касбим” дастури доирасида стажировка қиладиган олийгоҳ битирувчиларига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш йўлга қўйилади. Ўзбекистонда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлади.
Live
Барчаси