Шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган бир қатор раҳбарлар ҳам бор – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Бугун, 28 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳрида Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида иштирок этяпти. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

“Биз ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ инсон қадрини улуғлашни энг олий қадрият сифатида эътироф этдик ва бу борада катта ўзгаришларни бошладик. Янги Ўзбекистон бу – ҳуқуқий давлат эканлигини янгиланган Конституциямизда ҳам муҳрлаб қўйдик. Ягона мақсадимиз – адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали халқимизни рози қилишдан иборат”, дейди давлат раҳбари сўзининг аввалида.

Қайд этилишича, биргина охирги икки йил ичида ҳуқуқ-тартибот фаолиятига оид 10 та қонун, 40 га яқин Президент фармон ва қарорлари, 60 дан ортиқ ҳукумат қарорлари қабул қилинган.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари, айниқса ички ишлар ходимларининг ойлик маоши кескин оширилди ва кўплаб имтиёзлар берилган. Бевосита “маҳалладаги бешлик” учун 30 мингдан ортиқ янги штатлар киритилган.

“Аслида ҳам, аҳолининг тинчлигини таъминлаш маҳалладан бошланиши керак. Лекин маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш аҳволидан халқимиз қанчалик рози?” дея савол қўйган Президент.

Мисол учун, ўтган олти ойда маҳаллаларда барвақт олдини олиш мумкин бўлган 12 мингга яқин жиноят содир этилган. Қотиллик ва тан жароҳати билан боғлиқ жиноятларнинг 50 фоизи оилавий-маиший низолар ва мунтазам жанжаллар оқибатида, ўғриликнинг 70 фоизи ишсизлик ва моддий етишмовчилик сабаб, ёшлар ва ўсмирлар жиноятлари, асосан, оиладаги муҳит ва ҳуқуқий саводхонлик етишмаслиги туфайли содир бўлмоқда.

Шунингдек, айрим ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари жиноятчиликнинг олдини олишда жиловни қўйиб юборган.

"Улар орасида шахсий манфаатларини касбий мажбуриятларидан устун кўраётган, ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлашга номуносиб бўлган бир қатор раҳбарлар ҳам бор", дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Фарғона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг