Шаҳрам Ғиёсов чемпионлик жангида қатнашади
Спорт
−
20 Сентябрь
7217Ўзбекистонлик профессионал боксчи Шаҳрам Ғиёсов ўз вазнида чемпионлик жангида иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) буйруқ берди.
Айни пайтда литвалик Эймантас Станионис яримўрта вазн тоифасида WBA чемпиони бўлиб турибди. Ташкилот Эймантаснинг ушбу камарга мажбурий даъвогар Шаҳрам Ғиёсовга қарши жанг ўтказишини маълум қилди. Боксчиларнинг жамоаси ўзаро жанг санаси, манзили ва шартлари бўйича келишиб олишлари лозим. Агар улар бир тўхтамга кела олмаса, промоутерлар ўртасида очиқ савдо ўтказилади.
Қайд этиш жоиз, Ғиёсов сўнгги жангида мексикалик Мигель Парра (22-4-1)ни мағлубиятга учратган эди. Тўлиқ 10 раунд давом этган жангда ҳакамларнинг икки нафари Шаҳрам, яна бири Парранинг ғалаба қозонганини қайд этганди. Бу билан Ғиёсов профбоксдаги 16-жангида ҳам ғалаба қозонганди.
Маълумот учун, литвалик 30 ёшли боксчи профбоксда 15 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Жангларининг 9 тасини муддатидан аввал якунлаган. Станионис шу йилнинг май ойида икки йиллик танаффусдан сўнг рингга қайтиб, рейтингнинг тўртинчи поғонасида бораётган венесуэлалик 37 ёшли Габриэль Маэстрени очколар (117-111, 118-110, 119-109) ҳисобида таслим этган эди. Бу Габриэль учун фаолиятидаги илк мағлубият бўлганди.
LiveБарчаси