Сергелини саситаётган 96 гектарлик “ахлатхона”
Жамият
−
09 июл 5169 3 дақиқа
Шаҳар ўртасидаги 96 гектарлик чиқиндихона
Бир неча йилдан буён минглаб одамлар нафас олаётган ҳавога бадбўй ҳид аралашиб келмоқда. Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган Салар оқова сув тозалаш иншоотининг атрофидаги муаммо давлат раҳбарининг ҳам эътиборини тортди. QALAMPIR.UZ мухбири манзилга бориб, ҳолатни яқиндан ўрганди.
Юрий Гагарин инсоният тарихида илк бор коинотга парвоз қилган куни, яъни 1961 йил 12 апрелда Тошкентда яна бир муҳим иншоот ишга туширилган эди. Бу – Салар оқова сув тозалаш иншооти. Ўша кундан буён, қарийб 65 йил давомида мазкур мажмуа бир дақиқа ҳам тўхтамасдан кечаю кундуз ишлаб келмоқда.
Орадан йиллар ўтди. Тошкент кенгайди, аҳоли сони бир неча баробар ошди. Илгари шаҳар чеккаси ҳисобланган ҳудуд бугун кўп қаватли уйлар, маҳаллалар ва серқатнов магистраллар билан ўралган. Натижада шаҳарнинг “фильтри” деб аталадиган иншоот бугун одамлар яшайдиган ҳудуднинг қоқ ўртасида қолиб кетди.
Салар иншоотига шаҳардаги 7 та туманнинг канализация оқова сувлари келиб тушади. Мажмуанинг қуввати суткасига 960 минг куб метрни ташкил этади. Амалда эса ҳар куни 860–900 минг куб метр оқова сув шу ерда қабул қилиниб, тозаланади. Бу пойтахтдаги энг йирик оқова сув тозалаш иншооти ҳисобланади. Шундай йирик объект атрофида санитария ҳимоя зонаси халқаро меъёрларга кўра, камида 500, айрим ҳолларда эса 1000 метр бўлиши керак. Бироқ, бугун айрим турар-жойлар иншоотдан атиги 50 метр узоқликда жойлашган. Бу эса санитария талаблари бир неча йиллар аввал қўпол равишда бузилганидан далолат беради.
Вазиятни янада оғирлаштираётган омиллардан бири – иншоотга туташ ҳудуддан йирик автомобиль йўлининг ўтказилганидир. Бу ердан ўтаётган ҳар бир ҳайдовчи ва шу атрофда яшовчи минглаб аҳоли деярли ҳар куни бадбўй ҳидни ҳис қилади. Муаммонинг ечими сифатида Салар оқова сув тозалаш иншоотини Қуйи Чирчиқ туманига босқичма-босқич кўчириш режалаштирилган.
Бироқ ҳозирча бу лойиҳа амалий босқичга ўтмаган. Айни пайтда вақтинчалик чора сифатида ҳавони тозалаш фильтрация тизимини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Масъулларнинг маълум қилишича, Россиядан қиймати қарийб 9,5 миллиард сўм бўлган махсус ҳаво фильтрация ускунаси харид қилиниши кутилмоқда. Ускуна яқин ҳафталарда олиб келиниб, сентябрь ойигача ишга туширилиши режалаштирилган.
Бу муаммода айбдорни фақат битта ташкилотдан қидириш тўғри эмас. Бир томонда шаҳарсозлик қоидаларига риоя этмасдан санитария ҳимоя ҳудудида қурилишларга рухсат берган мутасаддилар, иккинчи томонда экологик талабларни менсимаган айрим тадбиркорлар, яна бир томонда эса, қонунбузилишларга йиллар давомида кўз юмилган тизим турибди. Айрим корхоналар чиқинди сувларини талаб даражасида тозалаш учун фильтрация ускуналарига сармоя киритиш ўрнига, жарима тўлашни арзонроқ деб ҳисобламоқда. Натижада эса, бунинг баҳосини давлат эмас, тадбиркор эмас, балки оддий фуқаро ўз саломатлиги билан тўламоқда.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.
Live
Барчаси