ШҲТ саммити: Бишкекдаги кенгашда “каттаконлар” нималарни муҳокама қилади?
Review
−
11:48 1177 3 minutes
Жорий йилнинг 1 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади. Шунингдек, “ШҲТ плюс” форматида юқори даражадаги учрашув ҳам ўтказилиши режалаштирилган. QALAMPIR.UZ кутилаётган нуфузли учрашув тўғрисида қуйида қисқача маълумот бериб ўтади.
Аввало, мазкур тадбирларда олий даражадаги расмийлар ва мамлакат раҳбарлари умумий мавзулар доирасида нималарни муҳокама қилишлари маълум бўлса, тор доиралардаги учрашувлар ва “кичик столлар” атрофидаги “гурунглар” айни нималар ҳақида ўтиши, улардаги кун тартибида турган мавзулар нима эканлиги ҳозирча мавҳум бўлиб қолмоқда.
Саммитдаги кун тартибида ўзи нималар бор?
Билдирилишича, тадбирларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари ва вакиллари, таклиф этилган мамлакатлар ҳамда қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Очиқ маълумотларга кўра, давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни, ташкилотни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилади.
Шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, рақамли, экологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш истиқболлари кўриб чиқилади.
“ШҲТ плюс” форматидаги кенгайтирилган таркибдаги учрашувда эса БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролини ва халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишга кўмаклашиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилади.
Манбаларнинг қайд этишича, саммит якунида ШҲТнинг 25 йиллигига бағишланган “Бишкек декларацияси” қабул қилиниши кутилмоқда.
Шунингдек, якунда кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатлар ҳамда қарорлар имзоланади, давлат раҳбарларининг қатор тематик баёнотлари қабул қилинади.
Қўшни мамлакат нашрларининг маълум қилинишича, бўлажак саммит Қирғизистоннинг 2025-2026 йиллардаги ШҲТга раислиги доирасидаги асосий якуний тадбир бўлади. Раислик “ШҲТга 25 йил: барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари биргаликда” шиори остида ўтмоқда.
Аввалроқ Бишкекда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити иштирокчиларининг рўйхати хабар қилинган эди. Унда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва яна бир қатор халқаро меҳмонлар ҳам ўрин олганди.
Мезбоннинг меҳмонлар учун тараддуди қандай?
Маълум қилинишича, бугун, 30 август куни Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан мамлакатга давлат ташрифини амалга оширади.
Қирғиз нашрларига кўра, ШҲТ саммити ва VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик ҳамда уларни ўтказиш даврида Қирғизистонда хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда.
Ҳаттоки саммит даврида Бишкек аҳолисидан шаҳарни вақтинча тарк этиш сўралган. Қирғизистон Президентининг матбуот котиби Асқат Олағозов, аввалроқ расман Бишкек аҳолисини ушбу кунларни иложи бўлса, Иссиқкўлда ёки бошқа дам олиш масканларида ўтказишга чақирган.
Унинг таъкидлашича, биринчи марта 21 давлат етакчилари Қирғизистонга бир вақтнинг ўзида ташриф буюради, уларнинг баъзилари расмий давлат ташрифларини режалаштирган.
“Мактаб ўқувчилари ва университет талабалари 15 сентябрь куни дарсларга қайтадилар. Шунинг учун 1 сентябргача Бишкекка шошилишнинг ҳожати йўқ. Қирғизистонликлар таътилларини 15 сентабрдан анча олдин режалаштиришлари мумкин”, деганди Олағозов.
Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш ва транспорт тизимига тушадиган юкламани камайтириш мақсадида эса 31 август ва 1 сентябрь кунлари Бишкекда йирик савдо марказлари, бозорлар ҳамда расмий делегациялар ҳаракатланадиган йўналишлардаги айрим ерости ўтиш жойлари ёпилиши айтилган.
Бундан ташқари, ШҲТ саммити ва VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари давомида Бишкекда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида 15 мингдан ортиқ милиция ходими жалб этилиши режа қилинган.
Кенг кўламли тадбирлар муносабати билан 30 августдан бошлаб пойтахтнинг айрим кўчалари ҳамда йўл участкаларида транспорт ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий этилиши белгиланган.
Live
All