Пашинян “ўзидан кетди”: Арманистон Россиядан юз ўгириб, Европани танламоқда

Таҳлил

Reklama
0:00

Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситалари учун очиқ қисмда томонлар Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши, Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги (ЕОИИ) келажаги ва Россия билан муносабатлари юзасидан бир-бирининг позициясини очиқчасига рад этди. Учрашув ташқи томондан дўстона ва хотиржам кўринган бўлсада, икки давлат ўртасидаги сиёсий тафовут қанчалик чуқурлашганини кўрсатди. Путин Арманистон Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидан борса, ЕОИИ билан бир вақтнинг ўзида ҳамкорлик қила олмаслигини таъкидлади. Пашинян эса Ереван ҳозирча Россия бошчилигидаги иқтисодий иттифоқдан чиқиш ҳақида гапирмаётганини, Европа интеграциясини бошлаш эса мамлакатнинг қонуний ҳуқуқи эканини билдирди.

Арманистон танлов қилиши керак – Путин

Учрашувнинг бошида Владимир Путин Россиянинг Арманистон иқтисодиётидаги ўрнига эътибор қаратди. Унинг айтишича, Россиянинг Арманистон иқтисодиётидаги ҳиссаси қарийб 30 фоизни ташкил этади. Яъни Россия Арманистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда, икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш эса йил бошидан буён 2,5 миллиард долларга етган. Путин, шунингдек, Арманистондаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторида Россия компаниялари борлигини эслатди. Унинг таъкидлашича, Арманистон ЕОИИга қўшилганидан кейин мамлакат ялпи ички маҳсулоти уч баробарга ошиб, 29 миллиард долларга етган. Бироқ Путин учун учрашувдаги асосий масала иқтисодий кўрсаткичлар эмас, балки Ереваннинг ташқи сиёсий йўналиши бўлди. Арманистон сўнгги йилларда Европа Иттифоқи билан яқинлашишга интилмоқда. Ереван 2025 йилда Европа интеграциясини бошлашга оид қонунни қабул қилган. Пашинян эса яқинда мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун расмий ариза бериш жараёнини бошлаши мумкинлигини билдирган.

Путин буни ЕОИИ учун жиддий сиёсий сигнал сифатида баҳоламоқда. Россия президентининг фикрича, бошқа иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш амалда ЕОИИдан чиқишга тенг.

“Сиз чиқиш ҳақида эълон қилмаганингизни айтдингиз. Бошқа иқтисодий ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши амалда бизнинг ташкилотдан чиқиш ҳақидаги баёнотни англатади. Чунки у ерда ҳам, бу ерда ҳам бир вақтнинг ўзида бўлиш мумкин эмас”, деган у.

Россияга қарши эмасмиз – Пашинян

Никол Пашинян эса бу ёндашувга қўшилмади. Унинг таъкидлашича, Арманистон Россия ва ЕОИИ доирасидаги ҳуқуқий мажбуриятларини таҳлил қилган ва Европа Иттифоқига интилиш мавжуд келишувларни автоматик равишда бузмайди. Пашинян ЕОИИ тўғрисидаги келишувда ташкилотдан чиқиш тартиби аниқ кўрсатилганини эслатди. Унга кўра, аъзо давлат иттифоқдан чиқиш ниятида бўлса, бу ҳақда ҳамкорларини олти ой олдин огоҳлантириши керак, холос. 

Арманистон Бош вазири Европа Иттифоқига интилишни мамлакат халқининг альтернатив танловга эга бўлиш ҳуқуқи сифатида кўрсатди. Унинг таъкидлашича, Ереваннинг Европа билан яқинлашуви Россияга қарши қаратилган жараён эмас ва Арманистон Москва билан муносабатларини ҳам қадрлайди. Бироқ Пашиняннинг энг муҳим баёнотларидан бири Арманистоннинг ҳозирча Россия ва Европа ўртасида якуний танлов қилишга тайёр эмаслигини кўрсатди. Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқига аъзо бўлиш имконияти ҳозирча фақат “муқобил” сифатида мавжуд. Агар бу имконият реал ҳолатга айланса, Ереван шундан кейин якуний қарор қабул қилади.

Путин референдум талаб қилмоқда

Томонларнинг асосий қарама-қаршилиги референдум масаласида ҳам кўринди. Путин Арманистоннинг Евроoсиё иқтисодий иттифоқи ва Европа Иттифоқи ўртасидаги танлови демократия билан ҳал қилиниши кераклигини айтди. Россия Президенти, шунингдек, Пашиняннинг аввалроқ референдум ўтказиш мумкинлиги ҳақидаги баёнотларини эслатди. У 29 май куни ЕОИИга аъзо тўрт давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган баёнотда Арманистонга ЕИга қўшилиш ёки ЕОИИ таркибида қолиш масаласини “энг қисқа муддатларда” умумхалқ овозига қўйиш таклиф қилинганини таъкидлади. Путин Пашинянга халқдан қайси йўлни танлашини сўраш қийин эмаслигини айтиб, пичинг қилди. Арманистон Бош вазири вазият Путиннинг талқинидагидек эканига қўшилмади. Пашиняннинг айтишича, Ереван Арманистон ва Россия ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий базани, шунингдек, ЕОИИ ҳужжатларини таҳлил қилган ва мамлакатнинг ўз мажбуриятларини бузганини кўрсатувчи ҳолат аниқланмаган.

“Биз бундан олдин ҳам, кейин ҳам Россия Федерацияси ва Арманистон ўртасидаги мавжуд шартномавий базани, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқидаги шартномавий базани таҳлил қилдик ва очиғини айтганда, Арманистоннинг Россия Федерацияси ва ЕОИИ олдидаги мажбуриятлари бузилганини топмадик”, деди Пашинян.

Арманистон Бош вазири 2025 йилда мамлакатнинг ЕИга қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қабул қилинган қонун ҳам Арманистоннинг Россия ва ЕОИИ олдидаги мажбуриятларини бузмаслигини таъкидлади. Пашиняннинг сўзларига кўра, ЕОИИ тўғрисидаги шартномада иттифоқдан чиқишнинг алоҳида тартиби белгиланган. Бироқ Арманистон ҳозирча ушбу тартибни бошламаган.
Бош вазир нима сабабдан 2025 йилда референдум ўтказиш ўрнига ЕИга қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилишга қарор қилинганини ҳам тушунтирди.

“Ушбу қонунни қабул қилиш орқали биз, аслида, референдум ўтказиш ғоясидан воз кечдик”, деди Пашинян.

Пашинян эса парламент томонидан қабул қилинган Европа интеграциясига оид қонун референдум заруратини амалда йўққа чиқарганини айтиб, Путиннинг оғзини “ёпди”.

“Ҳозир бизда амалда муқобил вариант йўқ, бу муқобил ҳали реал равишда яратилмаган. Қачонки у яратилса, агар яратилса, ўшанда, албатта, референдум орқали ёки референдумсиз танлов қиламиз”, деди Арманистон Бош вазири.

Шу тариқа, Москва масалани умумхалқ овоз бериши орқали ҳал қилиш тарафдори бўлса, Ереван парламент қарорини етарли сиёсий асос сифатида кўрмоқда. Учрашувнинг очиқ қисмида Путин Пашиняннинг фикрларига яна бир бор эътироз билдириб, Европа интеграцияси бўйича қонун қабул қилинишининг ўзи Арманистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан келажаги масаласини кун тартибига қўйишини айтди.

Пашинян рус тилини “игнор” қилди

Бишкекдаги ШҲТ саммитида Пашиняннинг бошқа МДҲ давлатлари раҳбарларидан фарқли равишда рус тилида эмас, арман тилида нутқ сўзлагани ҳам муҳокамаларга сабаб бўлди. Сабаби, ташкилотнинг расмий мулоқот тили рус тили ҳисобланади. Қирғизистон, Озарбайжон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари айнан расмий тил – рус тилида чиқиш қилган бир пайтда, Пашинян таржимон орқали арман тилида сўзга чиқди. Ажабланарлиси, у илгари бундай тадбирларда одатда рус тилида нутқ сўзлаган ва мазкур тилни яхши билади.

Қирғизистоннинг “Ой ўрдо” (“Фикр маркази”) эксперт ташаббуслари маркази раҳбари Игорь Шестаков Пашиняннинг арман тилида чиқиш қилганини Арманистоннинг Евроосиё интеграциясидан узоқлашиш жараёни билан боғлаган.

“Никол Пашиняннинг ШҲТ+ форматидаги саммитда давлат тилида сўзга чиққани Арманистон раҳбарининг Евроосиё интеграцияси ва эҳтимол, келажакда МДҲдаги иштирокидан яна бир қадам чекинганидан далолат беради”, деган Шестаков.

Эксперт Пашинян рус тилини яхши билишини таъкидлаб, унинг арман тилида нутқ сўзлаганида сиёсий сигнал бўлиши мумкинлигини айтган.

“Ереван сўнгги пайтларда Европа Иттифоқига интилмоқда. Ўйлайманки, Арманистон Бош вазири шу йўл билан ЕИга аъзо бўлиш учун қўшимча очко ишлашга қарор қилган бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилган у.

Эски гина: Арманистон Россиядан аразлаган(ми)ди?

Путин ва Пашинян ўртасидаги ҳозирги зиддиятни фақат Европа Иттифоқи масаласи билан изоҳлаш қийин. Россия ва Арманистон муносабатларидаги совуқлашувга Қорабоғ масаласи ҳам катта таъсир кўрсатган. 2020 йилдаги Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин Арманистонда Россиянинг хавфсизлик кафолатларига нисбатан норозилик кучайди. 2022 йилда Озарбайжон билан янги қуролли тўқнашув юз берганида Ереван Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига мурожаат қилган, бироқ КХШТ Арманистон кутган даражада ҳарбий ёрдам кўрсатмаган. Натижада Арманистон 2024 йилда КХШТдаги иштирокини музлатди ва ташкилотни молиялаштиришдан бош тортди. Пашинян 27 август куни эълон қилинган ҳукумат дастури доирасидаги баёнотида ҳам Россия билан муносабатларни аввалгидек “стратегик ҳамкорлик” деб аташ учун асослар ўзгарганини очиқ билдирганди. Шу билан бирга, Ереван Россия билан иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни тўлиқ узгани йўқ.

Россия учун яна бир муҳим омил – Арманистон иқтисодиётининг Москвага боғлиқлиги. Бироқ сўнгги даврда бу боғлиқликни камайтиришга уринишлар ҳам кучаймоқда. 2026 йил баҳоридан Россия Арманистондан импорт қилинадиган айрим қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларига чекловлар жорий қила бошлади. Булар қаторида мева-сабзавот, кўкат, гуллар, минерал сув, спиртли ичимликлар, сут ва балиқ маҳсулотлари бор. Натижада январь–июнь ойларида Россия ва Арманистон ўртасидаги товар айирбошлаш 20,9 фоизга камайиб, 3,33 миллиард доллардан 2,63 миллиард долларгача тушган. Айни пайтда Арманистон экспорт йўналишларини диверсификация қилишга уринмоқда. Шу даврда мамлакатнинг Европа Иттифоқига экспорти 80 фоизга ошиб, 287 миллион доллардан 516 миллион долларга етган. Европа ҳам Ереваннинг Россия бозорига қарамлигини камайтириш жараёнини қўллаб-қувватламоқда. Арманистонга экспортни қайта йўналтириш учун 52 миллион евро миқдорида ёрдам ажратилган ва бир қатор товарлар учун божхона тўловлари енгиллаштирилган.

Путин Россия базасини Арманистонда хор қилдириб қўймоқчи эмас

Сиёсий ва иқтисодий келишмовчиликлар фонида Россиянинг Арманистондаги ҳарбий мавжудлиги масаласи ҳам тобора муҳимлашмоқда. Россиянинг Гюмридаги 102-ҳарбий базаси 1995 йилдан буён Арманистон ҳудудида фаолият юритади. Дастлаб 25 йилга тузилган келишув 2010 йилда қайта кўриб чиқилиб, база фаолияти 2044 йилгача узайтирилган. 1 сентябрь куни Бишкекдаги ШҲТ саммити якунлари бўйича журналистлар билан суҳбатда Путин Арманистон Россия ҳарбий базасига эҳтиёж сезмаса, Москва уни мамлакатдан ҳатто эртагаёқ олиб чиқишга тайёрлигини айтди.

“Агар Арманистонга Гюмридаги Россия базаси керак бўлмаса, биз эртагаёқ кетамиз”, деган Россия раҳбари.

Бу баёнот Россиянинг Арманистондаги ҳарбий иштироки Ереваннинг хоҳишига боғлиқ эканини кўрсатади. Бироқ ҳозирча Арманистон Россия базасини чиқариш бўйича расмий қарор қабул қилгани йўқ. Пашинян 2026 йилнинг июнида Россия ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш режаси йўқлигини билдирган эди.

Арманистон қайси томонни танлайди?

Бишкекдаги учрашув Арманистон ва Россия ўртасидаги асосий муаммо аслида битта масалага – Ереваннинг геосиёсий йўналишига бориб тақалишини кўрсатди. Россия Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашувини ЕОИИ ва Москва билан мавжуд стратегик алоқаларга таҳдид сифатида кўрмоқда. Путин учун масала оддий: Арманистон бир вақтнинг ўзида Россия бошчилигидаги иқтисодий иттифоқ ва Европа Иттифоқининг тўлақонли аъзоси бўла олмайди.

“Европа Иттифоқи ва ЕОИИда бир вақтнинг ўзида бўлиш мумкин эмас. Агар сиз Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини бошлаш тўғрисида қонун қабул қилган бўлсангиз, демак, ниятингизни бизга билдирдингиз”, деган Путин.

Пашинян эса ҳозирча танлов қилишга шошилмаяпти. Ереван Россия билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларни сақлаб қолган ҳолда Европа билан яқинлашиш имкониятини очиқ қолдирмоқчи. Аммо бу икки йўналишни узоқ муддат давомида бир вақтнинг ўзида олиб бориш қанчалик мумкинлиги – асосий савол бўлиб қолмоқда. Бишкекдаги мулоқотда Путин айнан мана шу нуқтага урғу берди: Европа Иттифоқига қўшилиш жараёни реал босқичга ўтса, Арманистон барибир танлов қилишига тўғри келади. Пашиняннинг жавоби эса ҳозирча Ереван бу танловни келажакдаги вазиятга қараб амалга оширишини кўрсатмоқда. Шу сабабли Путин ва Пашиняннинг Бишкекдаги очиқ мулоқоти катта сигнал бўлди. Арманистон Россиянинг анъанавий таъсир доирасидан аста-секин узоқлашиб, Европа билан интеграцияни кучайтираётган бир пайтда Москва ўзининг Еревандаги иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий таъсирини сақлаб қолишга уринмоқда. Энди масала Арманистоннинг Россия ёки Европадан қайси бирини танлаши ҳамда Ереван бу икки йўналишни бир вақтнинг ўзида қанча вақт давомида мувозанатда ушлаб тура олишида. Аммо Бишкекдаги учрашувда Арманистоннинг Европа Иттифоқига интилиши юзасидан кескин фикрлар билдирилган бўлса-да, Владимир Виладимиравич Никол Вовайи билан Қирғизистонда пачакилашиб ўтиргиси келмади, шекилли, уни Россия пойтахтига таклиф қилиб қўя қолди.

“Мен уни (Пашинянни) Москвага шошилмасдан, унинг мутахассислари ва бизнинг мутахассислар билан ўтириб, ҳар бир бандни кўриб чиқишимиз учун таклиф қилдим. У ерда аниқ саволлар бор. Айтайлик, темир йўл, уни ривожлантириш масалалари. Бундай инфратузилмага сармоя киритиш ташувлар ҳажмига боғлиқ. Ташувлар ҳажми борми? Агар бўлса, биз исталганча сармоя киритамиз. Ташувлар ҳажми бўлмаса – на сармоя, на ривожланиш бўлади”, дейди Путин.

Арманистон Бош вазири ҳам иккила етакчи Москвада учрашишга келишиб олганини тасдиқлади. 

“Россия Президенти Владимир Путин билан жуда яхши учрашув ўтказдим. Самимий ва конструктив мулоқотни Москвага яқин орадаги ташрифим давомида давом эттиришга келишиб олдик. Шуни қайд этиш керакки, Арманистон ва Россиянинг икки томонлама муносабатлари ҳар икки давлат учун жуда муҳим ва биз бу муносабатларга жуда эҳтиёткорона ёндашамиз, Президент Путин бошчилигидаги Россия ҳам эҳтиёткорона ёндашади. Аммо шуни ҳам таъкидлаш керакки, янги муҳитда, янги шароитларда бу муносабатлар ўзгаришга муҳтож ва бу ўзгариш натижасида, ишончим комилки, муносабатлар яхшироқ – янада конструктив, фойдали ва илиқроқ бўлади”, дейди у ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган видеомурожаатида.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг