ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши Душанбеда бўлиб ўтади
Олам
−
13 Июль 2021
5939Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгаши жорий йил 16-17 сентябрь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбеда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 12 июль куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин ва ШҲТ Бош котиби Владимир Норов кенгаш йиғилишига тайёргарлик кўриш жараёнини муҳокама қилган.
Хабарга кўра, Владимир Норов айни вақтда ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида қатнашиш учун Душанбеда бўлиб турибди. Томонлар давлат раҳбарларининг бўлажак учрашувидан ташқари бошқа долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 июль куни Душанбеда ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Владимир Норов учрашувдаги иштироки доирасида Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан ҳам учрашади.
Маълумот ўрнида, Душанбеда бўлаётган ШҲТга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳақида
Ушбу харқаро ташкилот 1996 йилдан “Шанхай бешлиги” шаклида, 2001 йилга келиб эса ташкилот сифатида фаолият юрита бошлаган.
Ташкилотнинг асосий вазифалари:
- иштирокчи давлатларни бирлаштирган кенг доирадаги барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш;
- терроризм, сепаратизм, гиёҳванд моддалар савдоси, экстремизмга қарши кураш;
- иқтисодий ҳамкорликни, энергетик шериклик, илмий ва маданий ўзаро алоқаларни ривожлантириш.
2019 йилдан бери ўзбекистонлик дипломат, сиёсатчи Владимир Норов ШҲТнинг Бош котиби ҳисобланади. Ушбу ташкилотга Ўзбекистондан ташқари яна Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия ва Тожикистон киради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь