ШҲТ Бош котиби ўзгарди
Олам
−
04 Июль
11236Бугун, 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган саммитида Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Нурлан Эрмекбаевни 2025-2027 йилларга ШҲТ Бош котиби лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилот расмийлари хабар берди.
Қайд этилишича, Нурлан Эрмекбаев 2022 йил 1 январдан ШҲТ Бош котиби лавозимида ишлаб келаётган Хитой вакили Чжан Мин ўрнига 2025 йил 1 январдан бошлаб ташкилотни ротация асосида бошқаради. Айни пайтда Эрмекбаев ШҲТ Бош котиби ўринбосари лавозимини эгаллаб турибди.
Нурлан Эрмекбоев 1963 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида туғилган. Қозоқ, рус, инглиз ва хитой тилларини билади. Таҳсилни Москвадаги СССР Мудофаа вазирлигининг Қизил байроқ ордени ҳарбий институтида олган.
Эрмекбаев фаолияти давомида Қозоғистоннинг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазири ўринбосари, Президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси каби турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у Хавфсизлик кенгаши котиби ҳамда Қозоғистон Мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.