Сеулда Президент идорасига бостириб киришга уринган талабалар қўлга олинди
Олам
−
06 Январь
6663Жанубий Корея полицияси Сеулдаги Президент маъмурияти мажмуасига рухсатсиз киришга уринган 20 нафар активист талабани ҳибсга олди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Қўлга олинганлар Корея университетлари прогрессив иттифоқи аъзолари бўлган. Полиция маълумотларига кўра, улар Ёнгсан ҳудудидаги мажмуага дарвоза ва панжара орқали киришга уринган. Бунгача улар мамлакат биринчи хонимига нисбатан қимматли қоғозларни манипуляция қилиш иши бўйича махсус тергов ўтказиш талаби билан норозилик намойиши ўтказган ва маъмурият вакиллари билан учрашишни талаб қилган. Полиция фаолларнинг ниятларини аниқлашни режалаштирмоқда.
Қайд этиш жоизки, кўпчилик ўринни мухолифат эгаллаган Жанубий Корея парламенти Президентнинг рафиқасига нисбатан тергов ўтказиш бўйича қонун лойиҳасини қабул қилган, бироқ давлат раҳбари унга вето қўйган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида Корея Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакат Президенти Юн Сок Ёлнинг қайнонаси – Чхве Ин Сунни ҳисобдаги қолдиқ бўйича банк ҳужжатини қалбакилаштиришда айблаб қўлга олганди. Ноябрда мамлакат Олий суди Президентнинг қайнонасини айбдор деб топиб, бунинг учун бир йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.